Тошкентда “мойкачилар” мижознинг автомобилини олиб қочди (видео)
3-саҳифа
−
10 Январь 5795 1 дақиқа
Тошкент шаҳар Сергели туманида автомобиль ювиш шохобчаси ишчилари мижознинг Tracker автомобилини олиб қочди. Улар шаҳар бўйлаб айланиб юрган вақтида йўл-патруль хизмати ходимларининг таъқибига учраган ва қочишга уринган вақтида симёғочга урилиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, номаълум шахслар автомашинада дастлаб Чилонзор туманида катта тезликда ҳаракатлангани боис ЙПХ ходимларидан қочишни бошлаган, шундан сўнг Яккасарой туманида йўл-транспорт ҳодисасини содир этган ва воқеа жойидан қочиб кетган.
Аниқланишича, фуқаролардан бирининг ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам бўлмаган. Ходимлар ҳодисадан сўнг Самарқандга, ўзлари яшайдиган ҳудудга қочиб қолган, бироқ уларнинг шахсига аниқлик киритилиб, қўлга олинган ва Сергели тумани тергов бўлимига топширилган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ҳар иккала шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми “б” банди (уюшган гуруҳ томонидан транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида икки севишган ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.