Тошкентда пора олиб, ишни битиролмаган солиқчи ушланди

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳрида 5 минг АҚШ доллар пора олган Солиқ бошқармаси бош инспектори ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек туман суди Сурхондарё вилоятида рўйхатдан ўтган тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) раҳбарларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқмоқда. Ушбу иш Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 184-моддаси (солиқ ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш)га асосан бошланган.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган текширувда ушбу МЧЖга қўшимча равишда 8,7 миллиард сўм солиқ ҳисобланган.

Шундан сўнг, жорий йилнинг 15 сентябрь куни суд томонидан мазкур МЧЖда қайта тафтиш ўтказиш бўйича ажрим чиқарилгач, Тошкент шаҳар Солиқ бошқармасининг Солиқ аудити бўлими бош инспектори қайта тафтиш давомида ушбу қўшимча солиқни бекор қилиб беришини айтиб, эвазига МЧЖ вакилларидан 5 минг АҚШ доллари олган.

Аммо бош инспектор дастлабки тафтишда ҳисобланган қўшимча 8,7 млрд сўмлик солиқни тўлиқ бекор қилишни уддалай олмагач, муқаддам олган 5 минг АҚШ долларини МЧЖ вакилларига қайтариб берган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарёда ИИБ ходимлари пора билан қўлга тушганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент пора солиқчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг