Тошкентда сунъий кўл ва сув ҳавзалари ташкил этилади
Жамият
−
25 Ноябрь 1363 2 дақиқа
Тошкентда фавворалар сони икки баравар кўпаяди, сунъий кўл ва сув ҳавзалари ташкил этилади. Бу ҳақда кеча, 24 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида сўз боради.
Фармон билан пойтахтда экологик муаммоларни ҳал этиш бўйича махсус комиссия тузилган. Унга Президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов раҳбар этиб тайинланган.
Имзоланган ҳужжатга кўра, пойтахтда микроиқлим барқарорлигини таъминлаш бўйича йирик лойиҳалар бошланади. Уч ой муддатда шаҳарнинг тўрт йўналиши бўйлаб камида учтадан сунъий кўл ва сув ҳавзаси барпо этилади. Шу билан бирга, икки ҳафта ичида Тошкентдаги фавворалар сонини камида икки бараварга кўпайтириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади ва тақдим этилади.
Иссиқхоналар бўйича назорат кескин кучайтирилади. Бир ҳафтада иссиқхоналарни табиий газ билан таъминлаш бўйича шартномалар тузилади. Шунингдек, 200 м²дан ортиқ иссиқхоналарда чанг тарқатиш ва экологик талабларни бузиш билан боғлиқ қонунбузилишлар учун жарималар оширилади, ёқилғи ёқилиши ҳолатларида эса объектларни давлат фойдасига мусодара қилишни назарда тутувчи жиноий жавобгарлик тартиби жорий этилади.
Махсус комиссия атмосфера ҳавоси сифатига салбий таъсир қилувчи моддалар ёққан иссиқхоналар ва бошқа объектлар фаолиятини вақтинча тўхтатади ёки тугатади.
Шунингдек, катта қурилиш майдонларида мониторинг станциялари мажбурий бўлади. Майдони 1 000 м²дан ортиқ объектларда мониторинг ускуналарини ўрнатиш ва Экология қўмитаси тизимига улаш қурилишни давом эттиришнинг асосий шарти этиб белгиланди. Шунингдек, йўл бўйларида дарахт ва буталарни мунтазам ювиш, кўп квартирали уйларда суғориш учун резервуарлар ўрнатиш чоралари кўрилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар томонидан маиший ҳаво тозалаш ускуналари (TIF TN код 8509 80) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилганда божхона божидан озод этилиши маълум қилинганди.
Live
Барчаси