Тоза ҳавони қандай сотиб олса бўлади?
Таҳлил
−
27 Ноябрь 3118 6 дақиқа
“Қиёмат яқинлашса, жойнамозни нархи ошади”, деганларидек, бугун Тошкентнинг осмони кулранглашиб, одамларни димоғига чанг тиқилаётган бир пайтда, баъзиларнинг иши юрушиб чўнтаклари тўлмоқда. Жон аччиғида молини аямай бозордан фалон пулга ҳаво тозаловчи ускуна оламан деб борган харидор қўлига ўзининг “импортный” товарини тутқазиб, нархни асоссиз ошираётганлар ҳам йўқ эмас.
Сотаётган маҳсулоти нархига арзиса ҳам майли эди, лекин тушуниб-тушунмай фойдасидан зарари кўпроқ бир матоҳни олиб пулига куйиб юрганлар қанча? “Қиммат бўлса, сифатли бўлади”, деган тушунча баъзиларнинг “ҳожадбарорлиги” дастидан ишламаган вазиятлар ҳам кўп бўлмоқда.
Бундай ҳаво фильтрларининг қандай фойдаси бору, қандай зарари борлиги ҳақида алоҳида тўхталиш керак. Ҳар холда, шу пайтгача бундай тозалигичларга эҳтиёж сезмай яшаб келаётгандик, кутилмаган кулфат ортидан оммавий ҳаво фильтрларига туғилган эҳтёж кўпчилинкни довдиратиб қўйган бўлса ажаб эмас. Шу сабаб, бугун биз ҳавойимизни чанглардан халос қилиб берувчи бу ускуналарга алоҳида тўхталиб, уларнинг қандай ишлаши, нима фойда-зарари бор ва сотиб олаётганда нималарга эътибор бериш лозимлиги ҳақида гаплашамиз..jpg)
Фильтрлар қандай тузилган
Келинг, дастлаб бундай ҳаво тозаловчи ускуналар қандай тузилгани ва қандай ишлашини тушуниб олайлик. Ейдиган таомни таркибини билмай емаганимиздек, пул харж қиладиган маҳсулотимизнинг қандай тузулганини билиб қўйган яхши, албатта.
Одатий ҳаво фильтрларини ишлаш механизми умумий олиб қараганда содда, вентеляция қисми ҳавони сўриб олади, фильтрлар бу ҳавони тозалайди ва яна вентеляция орқали ташқарига тоза ҳаво чиқарилади. Аммо чуқурроқ ёндашсак, унинг мураккаб техник хусусиятларига дуч келамиз.
Кундалик турмуш-тарзимизда ишлатиладиган ҳаво тозалагичларда одатда уч турдаги фильтрлар бўлади. Булар: олд фильтр (pre-filtr) – катта соч, юнг ёки чанг бўлакларини тутиб қолувчи фильтр, асосий HEPA (High Efficeincy Particulate Air) фильтрлари – 0.3 микрометргача зарарли заррачаларни 99.97% самарадорлик билан ушлаб қоладиган фильтр ва учинчи фаоллаштирилган углерод фильтрлари – ҳид, тутун ва ёқимсиз газларни йўқ қилувчи қисм.
Айни дамда, Тошкентда ўпкамизни тўлдираётган чанг – PM2.5 заҳарли заррачаларни йўқ қилишда асосий вазифани HEPA фильтрлари бажаради. PM2.5 бу – диаметри 2.5 микрометр ёки ундан кичик бўлган заррача ҳисобланади ва агар сиз сифатли HEPA фильтрига эга ускуна харид қилсанггиз, улар ҳеч қандай қийинчиликсиз хонадон ҳавосини тозалаб бера олади. Яна баъзи ҳаво тозаловчи мосламалар UV-C нур орқали ҳавони вирус ва бактериялардан тозаловчи технологияларга эга. Баъзи ускуналарда эса ионизаторлар ҳам мавжуд бўлиб, улар ёрдамида ҳавога манфий ионлар чиқарилади. Улар чанг зарраларига ёпишиб, уларни оғирлаштиради ва шу билан улар полга ёки бошқа юзаларга тушиши таъминланади. Хуллас, замон ривожланиб технологиялар инсон тасаввур доирасида анча илдамлаб кетган. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам безарар деб бўлмайди.
Зарарли томонлар
Тоза ҳаво илинжида бозордан тўғри келган ҳаво тозалагичларни таҳмин-таваккал билан сотиб олаётган инсонларни кўриб ҳайрон қоласиз баъзида. Сотаётган нарсасини ўзи ҳам яхши тушунмайдиган баъзи савдогарлар “ўпканггиз тоза нафас олади”, деб харидор қўлига оддий ҳаво намлантиргични тутқазиб юбораётганларнинг дастидан ҳаво фильтрларига ишонч ҳам йўқолиб бормоқда. Аммо бир томондан, одамларни ҳам тушуниш мумкин. Бир вақтлар дарахтларга бой, тоза ҳаволи шаҳарда яшаб юрган оддий инсонларга кун келиб ҳали нафасингни ҳам пул тўлаб оласан дейишса, ким ҳам ишонарди. Бир ҳовуч дарахткуш “тадбиркор”ни деб бир пастда шаҳар “Интерстеллер” фильмидаги каби чанг-тўзонлар билан қопланди. Нима бўлганини ҳали тўла англашга ҳам улгурмаганларни маҳсулотни ишончлилигини текшириб олмаган деб койиш ноўриндир балки. Зеро, бунга мослашиб яшаш лозим экан, демак харид олди нималарга эътибор бериш керак, йўқса нималарга тайёр туриш лозимлигини билиб қўйган яхши.
Кундалик турмуш тарзида, ишхона ёки уй учун ҳаво тозаловчи фильтр харид қилмоқчи экансиз, баъзи жиҳатларга эътибор беришни унутманг. Аввало, номдор корхоналар ва брендлардан харид қилишга ҳаракат қилиш лозим. Негаки, бундай компаниялар ўз обрўсини сақлаб қолиш мақсадида маҳсулотларини турли босқичларда синовдан ўтказади. Бундан ташқари, уларда сифатли маҳсулот яратиш учун етарли пул, ресурс ва малака бўлади. Арзон нархига учиб, ўз вазифасини ҳам тўла бажара олмайдиган ва ҳатто баъзан саломатлик ёки экологияга зарар келтириши мумкин мосламаларни харид қилиб қўймаслик учун эътиборли бўлиш лозим. Бундан ташқари, бундай ҳаво фильтрлари учун турли халқаро ташкилотлар ишонч ёрлиғи тақдим этади. AHAM Verifide, CARB Certified, UL Listed, ETL Listed Mark ёки Asthma & Allergy Friendly каби сертификатларга эга мосламалар жаҳон стандартлари асосида ишлаб чиқилган, экологияга, соғлиққа зарар келтирмаслиги кафолатланган бўлади. Масалан, Allergy Standards Limited – бу компания мустақил синовдан ўтказилган ва аллергия ва астма билан оғриган одамлар учун ҳаво сифатини яхшилашга ёрдам берадиган маҳсулотларни сертификатласа, CARB (California Air Resources Board) ташкилоти Озон газларини чиқариш хавфини назорат қилади.
.jpg)
Сотиб олаётган маҳсулотинггиз қутисига ҳам эътибор бериб ўқиш, йўриқнома дафтарчалари билан эринмасдан танишиб чиқиш ҳам талабларингизга мос техника харид қилишинггизга кўмаклашади. HEPA фильтрлари учун Европа ва Халқаро даражада белгиланган стандартлар EN 1822 / ISO 29463 ҳисобланиб, бундай кўрсаткичларга эга фильтрлар “True HEPA”, деб аталади ва самарали хизмат қила олади.
Бозорларда ҳаво тозаловчи деб, ўрнига ҳавони намловчи ёки хушбўй ҳид таратувчи ускуналарни харид қилиш ҳолатлари ҳам кўп учрамоқда. Одатда ҳавони чанглардан тозаловчи ва уни намлантирувчи ускуналар алоҳида икки қурулма сифатида сотилади. Ҳавода намликни оширишга хизмат қиладиган қурулмалар PM2.5 заррачаларига қарши кураша олмайди, балки, уларга сув томчиларини сепиб қисқа вақтга уларни юзаларга қўндириши мумкин холос. Хушбўй амортизаторларни сепувчи қурулмаларга эса алоҳида эътибор қаратиш лозим. Уларда фойдаланилган кимёвий моддаларнинг инсон соғлиғига зарари, алергик ҳолатларни келтириб чиқариши ва бошқа ножўя таъсирлари бор ёки йўқлигига қаттиқ эътибор қаратиш лозим.
Энг илғор технологиялар билан жиҳозланган ҳаво тозаловчи ускуналардаги UV-C ва ионизациялаш усуллари бир пайтнинг ўзида самарали, аммо, ишончли бўлмаса, хавфли ҳам бўлиши мумкин. UV-C лампаси нотўғри турдагиси бўлса, у ҳавога заҳарли газ бўлган Озон (О₃) газини чиқариши мумкин. Бундай нурлар тирик ҳужайралар ДНК/РНКсига тезда зарар етказади. Нотўғри ўрнатилган ёки шикастланган қурилма нурни ташқарига чиқарса, у кўзнинг шох пардасини куйдириши (фотокератит) ёки терини куйдириши мумкин. Ионизаторлар эса электр зарядини ишлатиб ионлар ҳосил қилади. Бу жараёнда ён маҳсулот сифатида Озон ишлаб чиқарилиши деярли муқаррар.
Shunda ekan oʻgʻir kunda shoshqaloqlik bilan emas, xavfsizlik va sovuq miya bilan fikr yuritish kerak. Negaki, sifatga xavfsizlik bermay olgan havo filtrlari ham sog'likka, ham tabiatga, ham chontakka zarar.
Live
Барчаси