Тожикистонда фолбин ва сеҳргарга борганлар учун жазо жорий этилди
Олам
−
25 Август 1761 2 дақиқа
Аввалроқ, Тожикистон ҳукумати мамлакат парламентига фолбинлар, сеҳргарлар ва жодугарларнинг хизматидан фойдаланиш, уларнинг олдига боришни тақиқлаш ва жарима жорий қилиш таклифини берганди. Эндиликда фолбин ва сеҳргарларга мурожаат қилганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилди. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар берди.
Нашрга кўра, мамлакатнинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 482-моддасига “Сеҳргар, фолбин ёки жодугарнинг хизматидан фойдаланиш” банди киритилган, унга кўра, ушбу хизматдан фойдаланган шахслар 50 дан 60 бараваргача миқдорида жаримага тортилади.
Қайд этилишича, кодексга киритилган ўзгартиришлар 2025 йил 31 июлдан кучга кирган, бироқ бу ҳозир маълум қилинди. Илгари фақат ҳукуматнинг худди шу 31 июлдаги қарори омма эътиборига ҳавола қилинган бўлиб, унда парламентга кодексга киритилган ўзгартиришларни маъқуллаш таклиф қилинган эди.
Сўнгги бир йил ичида Тожикистон расмийлари фолбин ва сеҳргарлар ҳамда уларнинг мижозларига қарши курашни кучайтирган. 2024 йилнинг ёзида Тожикистон Ички ишлар вазирлиги фолбин ва сеҳргарлар хизматидан фойдаланган шахслар расмий идораларга чақирилиши ва уларнинг исм-шарифлари ва фотосуратлари Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базасига киритилишини эълон қилган эди.
Расмийларнинг таъкидлашича, “ушбу чорадан кўзланган мақсад хурофот ва фолбинлар ҳамда сеҳргарлардан фойдаланишнинг олдини олишдир, чунки баъзи фуқаролар уларга мурожаат қилиб, сеҳр ва жодугарликнинг тарқалишига ҳисса қўшади”. Фолбин ва сеҳргарларга мурожаат қилиб, расмий идораларга чақирилганларнинг аниқ сони номаълум.
2024 йилда ҳам фол очиш ва сеҳргарлик билан шуғулланиш учун жазо кучайтирилган эди. Парламент Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 482-моддаси 2-қисмига ўзгартириш киритиб, аҳолига қўлланадиган жаримани 80-100 бараваргача оширди ва 10 кундан 15 кунгача маъмурий қамоқ жазосини қўшди. Аввал бу моддада фақат 60-100 баравар жарима белгиланган эди.
Бундан ташқари, Тожикистон Жиноят кодексининг 240-моддасига ҳам тузатиш киритилган. Унга кўра, агар шахс маъмурий жазо олганидан кейин бир йил ичида яна фолбинлик ёки сеҳргарлик билан шуғулланса, унга баъзавий ҳисоблаш миқдорининг 1500–2000 баравари (таҳминан 12-16 минг доллар) миқдорида жарима ёки 1 йилдан 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади. Аввал эса бу қилмиш учун фақат маъмурий жазо кўзда тутилган эди.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида Тожикистонда 495 та фол очиш ва сеҳргарлик ҳолати аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистонда фолбинлик ва сеҳргарлик билан шуғулланган 1500 киши қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси