Трамп Эрон билан ҳамкорлик қилаётганларга 25 фоизлик бож жорий қилди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан ҳамкорлик қилишда давом этаётган мамлакатлар маҳсулотларига нисбатан 25 фоизлик божлар киритилишини эълон қилди. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари ўзининг Truth Social тармоғида ёзиб қолдирди.

Трампга кўра, бу қарор дарҳол кучга киради ва Теҳрон билан ҳар қандай соҳада ҳамкорлик қилаётган давлатларга тааллуқли бўлади. 

Маълумки, бу чоралар Эрон ҳукумати устидан максимал босим ўтказиш, мамлакатни иттифоқчиларсиз қолдириш ҳамда иқтисодиётни қулатиш учун амалга оширилмоқда. 

“Bloomberg” маълумотига кўра, Эроннинг асосий савдо ҳамкорлари қаторига Ҳиндистон, Туркия ва Хитой киради. Бу Трампнинг илк бор бундай чорага қўл уриши эмас: у Украинага қарши уруш олиб бораётган Россияга босим ўтказиш мақсадида Ҳиндистоннинг Россия нефтини сотиб олгани сабабли ҳинд товарларига ҳам 50 фоизлик бож жорий этган эди.

Намойишлар фонида Трамп Оқ уй ва АҚШ ҳарбийлари Эрондаги вазият бўйича турли вариантларни кўриб чиқаётгани, бу чоралар намойишчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилганини билдирган. Шунингдек, Трамп Эрон мухолифати етакчилари билан алоқада эканини айтган.

Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливиттнинг сўзларига кўра, Трамп Эронда намойишлар куч билан бостирилаётгани сабабли турли чораларни, жумладан ҳаво зарбаларини ҳам кўриб чиқмоқда, бироқ “биринчи вариант” сифатида дипломатияни афзал билади. 

11 январь куни Трамп Эрон раҳбарияти ундан музокаралар ўтказишни сўраганини айтди, аммо Вашингтоннинг бу сўровга жавоби қандай бўлганини очиқламади. Теҳрон ҳозирча бу баёнотларга изоҳ бермади.

Iran Human Rights (IHR) ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотига кўра, 12 январь кунига келиб Эронда норозилик намойишларини бостириш чоғида камида 648 киши ҳалок бўлган, уларнинг тўққизтаси вояга етмаганлар. Интернет 100 соатдан ортиқ вақт давомида ўчирилгани сабабли бу маълумотларни мустақил тарзда текшириш жуда қийин. Ҳуқуқ фаоллари тахминига кўра, қарийб 10 минг киши ҳибсга олинган.

Эронда оммавий норозилик намойишлари 2025 йил 28 декабрда бошланган. Интернет ўчирилгани ва хавфсизлик кучларининг кучайтирилган чораларига қарамай, Теҳрон ва бошқа йирик шаҳарларда минглаб одамлар ҳар куни кўчаларга чиқмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат департаменти Эрондаги вазият сабаб ушбу мамлакатда қолаётган фуқароларига мурожаат йўллаганди. Унда америкаликлар Эронни имкон қадар тезроқ тарк этишга чақирилган. АҚШ фуқароларига муқобил алоқа усулларини олдиндан режалаштириш ва имкон бўлса, Арманистон, Туркия ёки Туркманистон билан қуруқликдаги чегаралар орқали мамлакатдан чиқиб кетиш тавсия этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Эрон Дональд Трамп Кэролайн Ливитт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг