Трамп Эрон таклифидан норози – ОАВ

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон томонидан урушни якунлаш бўйича илгари сурилган таклифдан норози эканини билдирди. Бу ҳақда америкалик амалдорга таяниб, “Reuters” хабар берди.

Манбага кўра, Трампга таклиф ёқмаган, чунки унда Эроннинг ядро дастури масаласи умуман кўриб чиқилмаган. CNN ҳам ўз манбаларига таяниб, АҚШ раҳбари бу режани қабул қилиши эҳтимоли паст эканини билдирган.

Америкалик расмийларнинг фикрича, Ҳормуз бўғозини очиш масаласи ядро дастури, хусусан, уранни бойитиш ва захиралар билан боғлиқ муаммолар ҳал этилмасдан туриб кўриб чиқилса, бу АҚШ учун музокаралардаги асосий босим воситасини йўқотишга олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, бўғоз блокадасининг давом этиши энергия нархларининг юқори бўлиб қолишига сабаб бўлмоқда.

Хабарларга кўра, Трамп кейинги қадамлар борасида ҳали аниқ қарорга келмаган. АҚШ расмийлари Эрон ичида қарор қабул қилиш масаласида ҳам якдиллик йўқлигидан хавотирда.

Аввалроқ,Теҳрон АҚШга урушни тўхтатиш ва Ҳормуз бўғозида кемаларга ҳужумларни бекор қилишни таклиф қилган эди. Бунинг эвазига Эрон АҚШ блокадасини бекор қилиш ва ядро музокараларини кейинроққа қолдиришни сўраган.

“Axios” маълумотига кўра, Эрон раҳбариятида ҳам ядро масаласида қандай муросага бориш бўйича якдил позиция йўқ.

Манбаларга кўра, Покистон воситачилигида томонлар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича ишлар давом этмоқда, ҳатто тўғридан-тўғри алоқалар бўлмаганига қарамай.

Оқ уй вакили Оливия Уэллс эса музокаралар жуда нозик жараён эканини билдириб, АҚШ уларни оммавий ахборот воситалари орқали муҳокама қилмаслигини айтган. Унинг таъкидлашича, ҳар қандай келишув фақат АҚШ манфаатларига мос келган тақдирдагина амалга ошади ва Эрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлмаслиги керак.

Шунингдек, Трамп илгари махсус вакил Стив Уиткофф ва куёви Жаред Кушнернинг Покистонга навбатдаги музокаралар учун сафарини бекор қилган. У бу қарорни Эрон томонидан етарлича аниқ ва мақбул таклиф берилмагани билан изоҳлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Дональд Трамп Ҳормуз бўғози

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг