Трамп Эроннинг ЖЧда иштирок этиши мумкинлигини тасдиқлади – Инфантино
Спорт
−
12:33 1968 2 дақиқа
FIFA президенти Жанни Инфантино Дональд Трамп билан бўлиб ўтган учрашуви ҳақида фикр билдириб, АҚШ Президенти Эронни Жаҳон чемпионатида иштирок этиши мумкинлигини тасдиқлагани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда FIFA раҳбари Instagram саҳифасида хабар берди.
Инфантинонинг айтишича, учрашув давомида томонлар яқинлашиб келаётган 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнини муҳокама қилган.
“АҚШ Президенти Дональд Трамп билан бўлажак Жаҳон чемпионатига тайёргарлик ҳамда турнир бошланишига атиги 93 кун қолган бир пайтда унга бўлган қизиқишнинг ортиб бораётганини муҳокама қилдик.
Шунингдек, Эрондаги ҳозирги вазият ва Эрон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатига йўлланма олгани ҳақида ҳам гаплашдик. Суҳбат давомида Президент Трамп Эрон терма жамоаси АҚШда ўтказиладиган турнирда иштирок этиш ҳуқуқига эга эканини яна бир бор таъкидлади.
Ҳозир ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ одамларни бирлаштира оладиган тадбирлар керак. Жаҳон чемпионати шундай мусобақалардан бири. АҚШ Президентига қўллаб-қувватлагани учун чин дилдан миннатдорчилик билдираман. Бу футбол яна бир бор дунёни бирлаштиришини кўрсатади”, деди Инфантино.
Маълумот учун, 2026 йилги Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Яқин Шарқдаги воқеалардан сўнг Эрон футбол федерацияси президенти Меҳди Тож Эрон терма жамоаси 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этмаслигини маълум қилганди.