Трамп НАТОни хиёнатда айблади ва Гренландия мавзусини яна кўтарди
Олам
−
10 Апрель 3738 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп НАТО иттифоқчиларини Эрон билан урушда етарли даражада қўллаб-қувватламаганликда айблаб, яна Гренландия масаласини кўтарди. Бу ҳақда у Truth Social тармоғида пост ёзиб қолдирди.
Унинг айтишича, НАТО АҚШга зарур пайтда ёрдам бермаган.
“НАТО бизга керак бўлган пайтда ёнимизда бўлмади ва яна керак бўлса ҳам бўлмайди”, деган Трамп.
У, шунингдек, Гренландияни “катта ва ёмон бошқарилаётган муз бўлаги” деб атаб, иттифоқчиларга бу масалани “эслаб қўйиш”ни тавсия қилган.
Арктикадаги стратегик орол Гренландия НАТО аъзоси Денмарк ҳудуди ҳисобланади. Трамп йил бошида уни АҚШ таркибига қўшиш ниятини билдирган, ҳатто зарурат туғилса куч ишлатиш эҳтимолини ҳам истисно қилмаган.
Бироқ Дания ва Гренландия ҳукумати бу ғояни қатъиян рад этган. Копенгаген бундай ҳаракат НАТО учун жиддий оқибатларга олиб келишини огоҳлантирган.
Шунингдек, Трамп НАТО иттифоқчиларини Ҳормуз хавфсизлигини таъминлашда ҳам фаол бўлмаганликда танқид қилган.
Маълумки, Эрон март ойида АҚШ ва Исроил зарбаларига жавобан бўғозни ёпган, оқибатда Форс кўрфазидан нефть ва газ ташиш деярли тўхтаган ва жаҳонда нефть нархлари кескин ошган. Кейинчалик сулҳ ортидан Теҳрон уни вақтинча очишга рози бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Дональд Трамп НАТОдан чиқиш масаласини жиддий кўриб чиқаётганини маълум қилганди. Трампга кўра, НАТО давлатлари Эрон билан урушда АҚШни қўллаб-қувватламаган. У альянсни “қоғоз йўлбарслар” деб атаб, ҳатто Владимир Путин ҳам буни билишини таъкидлаган.
Live
Барчаси