Тўқаев ядровий фалокат эҳтимоли энг юқори даражага чиққанини айтди

Олам

image

Бугун, 17 сентябрь куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган VIII Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойида ядровий можаро хавфи ва иқлим таҳдидлари ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда “Nur.kz” хабар берди.

Ўз нутқида Тўқаев бугунги кунда ядровий можаро хавфи жиддий ташвиш уйғотаётганини билдирган.

“Бундай Армагеддон эҳтимоли сўнгги ўн йилликларда мутахассислар томонидан энг юқори даражада баҳоланмоқда. Афсуски, дунёда конструктив ташаббуслар ва сиёсий юмшоқлик ўрнига қарама-қарши фикрлаш кучаймоқда, геосиёсий дарзликлар кенгаймоқда, ижтимоий танглик ортиб бормоқда.

Бундай мураккаб шароитда, менимча, халқаро майдонда диалогни ривожлантириш, ўзаро бегоналашувни енгиб ўтиш ва ишончни оширишнинг асосий воситаси сифатида конструктив дипломатия ҳал қилувчи роль ўйнаши керак”, дейди у.

Тўқаев дин етакчилари ҳам жаҳон миқёсида ўзига хос масъулиятни зиммасига олганини, улар цивилизациялараро мулоқот ва инсонлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга алоҳида ҳисса қўшиши лозимлигини қайд этган.

“Мен ишонаманки, диний етакчилар дунёни бетартиблик ва хаос томон сирғалиб кетишидан тўхтатиш учун бор кучини сафарбар этади. Улар кўплаб сиёсатчиларга соғлом фикр, эзгу ният ва маънавий масъулият ҳақида эслатиб туради”, дейди Қозоғистон раҳбари.

У, шунингдек, дунё иқлим таҳдидларига дуч келаётганига ҳам эътибор қаратган.

“Марказий Осиёда бу айниқса кескин сезилмоқда. Минтақамизда табиий ўзгаришлар дунё ўртача кўрсаткичига қараганда тезроқ кечмоқда. Қурғоқчилик, музликларнинг эриши, ичимлик суви захиралари камайиши кузатилмоқда. Барча халқларнинг маънавий анъаналари табиатга ишонч ва  асраб-авайлаб яшашни ўргатади. Чунки ер бизнинг умумий уйимиздир, у Яратган томонидан берилган, унга ғамхўрлик қилиш эса умумий бурчимиздир.

Иқлим ўзгаришлари ва унинг оқибатлари нафақат илмий ёки иқтисодий масала, балки туб маънода ахлоқий синовдир. Потенциал экологик фалокат қаршисида халқаро бирдамлик ва ҳамкорликни глобал ва минтақавий даражада кучайтириш ниҳоятда муҳимдир”, дейди Тўқаев.

Қозоғистон Президенти қурултой доирасида иқлим ўзгаришларига қарши курашда диний етакчиларнинг ролига оид қўшма ҳужжат ишлаб чиқиш ташаббусини муҳокама қилишни таклиф этган. Унинг фикрича, бундай ҳужжатда экологик масъулият тамойиллари диний қадриятларга асосланган ҳолда мустаҳкамланиши, асосий эътибор эса заиф ҳудудларни қўллаб-қувватлашга қаратилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қосим-Жомарт Тўқаев Халқаро ядровий синовларга қарши кураш кунида ядро қуролини синаш оқибатида Қозоғистон халқи бошидан кечирган оғир оқибатларни эслатган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қосим-Жомарт Тўқаев ядровий фалокат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг