Туркияда 4-қаватдан тушиб кетган ўзбекистонлик аёл вафот этди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Туркиянинг Измир шаҳрида Ўзбекистон фуқароси кўп қаватли тураржой биносининг тўртинчи қаватидан тушиб кетгани хабар қилинган эди. Ушбу ҳодиса оқибатида оғир тан жароҳатлари олган 22 ёшли С.Ҳ. вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси хабар берди. 

Қайд этилишича, шифохонага ётқизилган С.Ҳ. кўрсатилган барча зарур тиббий муолажаларга қарамай вафот этган. Ҳозирда бош консулхона ҳамда Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан марҳуманинг жасадини ортга қайтариш бўйича зарур ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.

Марҳуманинг жасади ҳаво йўллари орқали бугун, 23 март куни Истанбул-Андижон рейси билан Ўзбекистонга қайтарилади.

Маълумот ўрнида, С.Ҳ. Туркия фуқароси билан шаръий никоҳи асосида турмуш қурган, бироқ ушбу никоҳ расмий тартибда қайд этилмаган. Маълумотларга кўра, никоҳ маросими Наманган вилояти, Чуст туманида ўтказилган. Улар Туркиянинг Измир шаҳрига бориб, куёвнинг яқин қариндошлари билан бир хонадонда яшаб келган. Қайд этилишича, турмуш ўртоғи ҳам С.Ҳ. каби эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахс ҳисобланади.

Туркиядаги ўзбекистонлик аёллар билан боғлиқ жиноятлар

Аввалроқ, Туркиянинг Баликесир вилоятидан 46 ёшли Дилафрўз Чўлиеванинг жасади топилиб, Ўзбекистонга қайтарилганди. Мазкур жиноятни содир этишда гумонланиб 4 нафар шахс қўлга олинган бўлиб, ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Шунингдек, олдинроқ Туркиянинг Истанбул шаҳри Шишли туманида чиқинди йиғувчи томонидан ахлат контейнеридан ўзбекистонлик Дурдона Ҳакимованинг жасади топилган эди.

Кейинроқ мазкур иш доирасида у ўлдирилган Умрониядаги уйда яна бир ўзбекистонлик аёл – Сайёра Эргашалиева ҳам бўлаклаб ўлдирилгани аниқланди.

Бундан ташқари, Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўзбекистонлик аёл озарбайжонлик шахс тарафидан жинсий зўравонликка учраганди

Туркиянинг Истанбул вилояти Молтепа туманида 2019 йилда йўқолган деб қидирувга берилган ўзбекистонлик аёл эри томонидан ўлдирилиб, чиқиндига ташлангани аниқланганди

Қолаверса, Туркиянинг Бодрум шаҳрида Ўзбекистон фуқароси бўлган 36 ёшли M.С. уйига кетиш учун минган автомобилда икки эркакнинг жинсий тажовузига учраганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жиноят Туркия Измир

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг