Туркманистонда иш ҳақи, пенсия ва стипендияларни ҳар йили оширмаслик таклиф қилинди (видео)

Олам

image
Иш ҳақи ва пенсиялар инфляциядан юқори миқдорда оширилади north_east

Иш ҳақи ва пенсиялар инфляциядан юқори миқдорда оширилади

Туркманистонда иш ҳақи, пенсиялар, давлат нафақалари ва стипендиялар миқдорини ҳар йили оширишдан воз кечиш таклиф қилинди. Бу ҳақда Халқ маслаҳати оқсоқоллар кенгаши аъзоси, фахрий оқсоқол Ёзмурод Отамуродов жорий йилнинг 19 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда айтди.

У халқнинг ижтимоий-маиший шароити юксак босқичга кўтарилганини таъкидлади. Шу муносабат билан Отамуродов иш ҳақи, пенсиялар, давлат нафақалари ва стипендиялар миқдорини оширишни тўхтатишни таклиф қилди ва Президентдан ушбу таклифни қўллаб-қувватлашни сўради.

“Дунёнинг ҳеч бир давлатида одамлар учун бундай имтиёзлар берилмаган ва бугунги кунда ҳар бир оила ўзи учун зарур бўлган ҳамма нарсани олади”, деди у.

Оқсоқол иқтисод қилинган маблағларни Туркманистонни янада ривожлантириш ва бошқа муҳим соҳаларга йўналтириш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади. Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов унинг таклифи учун миннатдорлик билдирди.

Отамуродовнинг бу таклиф мамлакатда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг норозилигига сабаб бўлди. Ярим давлат нашри бўлган “Turkmen news” ҳатто Instagram саҳифасига жойланган хабарига шарҳларни ёпиб қўйди. Айримлар мамлакатда инфляция даражаси 10 фоиздан анча юқори эканини айтди. Гўшт нархи, масалан, олти ой ичида икки баравар кўпайган – тахминан 100 манат (5 доллар).

Аҳолининг кўпчилиги оқсоқолнинг самимийлигига ёки унинг оддий одамлар ҳаётини билишига шубҳа қилди.

Ҳозирда Туркманистонда энг кам пенсия миқдори 550 манат (27,50 доллар), нафақа эса 520 манат (26 доллар) ни ташкил қилади. “Turkmen news” нашрига кўра, бундай даромадга аҳоли гўшт сотиб ололмайди ва у яшашга зўрға етади. Оддий талаба киядиган форма нархи 12 минг манат (600 доллар). Барча расмий ва норасмий харажатларни ҳисобга олган ҳолда, ота-оналар фарзандини университетга юбориш учун иккита кредит олади.

Ғазабланган ижтимой тармоқ фойдаланувчилари ҳозирги вазиятда Гурбангули ва Сердар Бердимуҳамедовни айбламоқда ва оқсоқолни оддий фуқаролар манфаатларига хиёнат қилганини таъкидлаб, лаънатлаганлар. Отамуродовнинг таклифига жавобан расмий изоҳ ҳали эълон қилинмаган.

2015 йилда ҳам ўша оқсоқол аҳоли фаровонлиги юқори эканини тилга олиб, газ, электр энергияси, сувнинг бепул берилишини бекор қилишни сўраган эди. Охир-оқибат ушбу хизматлар учун имтиёзлар бутунлай бекор қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов жорий йилнинг 11 июль куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган йиғилишида Транспорт ва алоқа агентлигини тугатиб, учта янги вазирлик ташкил этиш ҳақида фармон чиқарганди.  


Мақола муаллифи

Теглар

Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон пенсия иш ҳақи стипендия гўшт нархи Ёзмурод Отамуродов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг