Туркманистонда ўқувчи қизлар бокиралик тестидан ўтмоқда

Олам

image

Туркманистон полицияси ва хавфсизлик хизмати мактабларда рейд ўтказиб,  ўқувчи қизларнинг бокиралигини тасдиқлаш учун гинекологик текширувдан ўтишга мажбурламоқда. Бу ҳақда "Kosa.media" нашри маълум қилди.

Қайд этилишича, хавфсизлик кучлари мамлакат ғарбидаги Болқон вилоятидаги мактабларда рейд ўтказган. Текширув талаба қизларнинг “ахлоқий поклиги"ни баҳолаш ва ўсмирлар қиз орасида эрта ҳомиладорликнинг олдини олиш чора-тадбирлари сифатида изоҳланган.  

Нашрнинг ёзишича, текширув ўтказиш жараёнида на ўқувчи қизларнинг ота-онасидан, на қизларнинг ўзидан розилик сўралган.

Вазиятдан хабардор таълим ходими эса Болқонобод ва Туркманбошидаги рейдлар ҳақида гапириб, бокиралик тестидан барча ўсмир қизларнинг ўтишга мажбурлигига тўхталган.

“9-11-синф ўқувчилари гинекологик текширувдан ўтишга мажбур. Жинсий алоқада бўлган қизларнинг шахси аниқланиб, уларнинг рўйхати маҳаллий полиция ва Миллий хавфсизликка топширилади”, деган номи сир тутилишини истаган педагог.

Яна бир манбанинг қайд этишича, полиция бундай ўқувчи қизларнинг жинсий шерикларини аниқлаш учун уларнинг мобиль телефонларини ҳам текширмоқда.

“Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари буни вояга етмаганлар билан интим муносабатда бўлган шахсларни аниқлаш ва жавобгарликка тортиш мақсадида қилинаётганини тушунтирмоқда”, дейилади хабарда.

Расмийлар эса вазиятга очиқ изоҳ бермаган, бироқ таълим ходимларига кўра, текширувлар вилоятда ўсмирлар ҳомиладорлигининг кўпайиши билан боғлиқ. Биргина Болқонободнинг ўзида сўнгги ойларда олтита шундай ҳолат қайд этилган.

“Бу маълумот Халқ таълими вазирлигига етиб келди ва натижада Болқон вилояти таълим бошқармаси бошлиғига қаттиқ танбеҳ берилди. Шундан сўнг, дарҳол минтақавий ҳокимиятлар йирик шаҳарларда “ахлоқий поклик” амалиётини ўтказишни бошлади”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Туркманистонда бундай рейдлар биринчи эмаслиги таъкидланган. 2018 йилда хавфсизлик кучлари гинекологлар ҳамроҳлигида Дашоғуз вилояти шимолидаги мактабларни текшириб, буни ўсмирлар ўртасида фоҳишаликка қарши кураш деб тушунтирган. 2019 йилда эса жануби-шарқий Мари вилоятида бокиралигини йўқотган 8–11-синф ўқувчилари аниқланган. Бундай қизларнинг ота-оналари кейинчалик мактабга чақирилиб, омма олдида шарманда қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркманистондаги фоҳишалик ва эрта турмушга оид статистика ошкор қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб қизлар Туркманистон бокиралик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made