Украина бомбардимон қилган Россия нефть заводи ярим қувватидан айрилди
Олам
−
12:35 2582 1 дақиқа
Россиядаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири – “Лукойл-Нижегороднефтеоргсинтез” Украина дронлари ҳужумидан кейин ишлаб чиқариш қувватининг ярмидан кўпроғини йўқотди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Аввалроқ, Россия Нижегород вилоятининг Кстово шаҳридаги заводга дрон орқали ҳужум қилинганди.
Зарба оқибатида корхонанинг асосий AVT-6 нефтни қайта ишлаш қурилмаси фаолияти тўхтатилган. Қайд этилишича, ушбу ускуна завод умумий қувватининг 53 фоизини таъминлаган ва кунига 25,7 минг тонна нефтни қайта ишлаш имкониятига эга бўлган.
“Лукойл-Нижегороднефтеоргсинтез” Россиядаги тўртинчи йирик нефтни қайта ишлаш заводи ҳисобланади. Корхона йилига 16 миллион тонна нефтни қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, мамлакатдаги энг йирик бензин ишлаб чиқарувчилардан бири саналади.
Завод сўнгги икки ой ичида иккинчи бор дрон ҳужумига учради. Жорий йилнинг 5 апрель куни ҳам заводга зарба берилганди. Ўшанда корхона фаолияти вақтинча тўхтатилгани хабар қилинган.
Украина дронлари ҳужумлари сабаб Россиянинг марказий қисмидаги бир қатор йирик нефтни қайта ишлаш заводлари ишлаб чиқаришни қисқартириш ёки вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган.
Live
Барчаси