Украина Россияга “дронлар ёмғири” уюштирди

Олам

image

Кеча, 4 январь куни 10 соат ичида Россия ҳудуди узра Украинанинг жами 294 та учувчисиз учиш аппарати уриб туширилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Бу Украинага тегишли дронларнинг навбатдаги йирик ҳужуми оқибатида Липецк вилоятининг Елец шаҳридаги “Энергия” АЖ корхонасида ёнғин юз бергани ва Москва аэропортлари вақтинча ёпилгани билан бирга кечган.

Вазирлик хабарида айтилишича, 13:00 дан 20:00 гача бўлган вақт оралиғида 253 та, 20:00 дан 23:00 гача эса яна 41 та дрон йўқ қилинган. Украинадан учирилган дронларнинг аксарияти Брянск ва Белгород вилоятлари устида уриб туширилган. Украина ҳудудидан энг узоқда жойлашган ва дронлар етиб борган ҳудуд Владимир вилояти бўлиб, у ерда учта дрон йўқ қилинган. Тверь вилояти устида эса икки дрон уриб туширилган.

Бу 4 январь куни эълон қилинган биринчи ҳужум эмас – Мудофаа вазирлиги тушга қадар ҳам 140 та украин дрони йўқ қилингани ҳақида хабар берган эди. Шу билан бирга, вазирлик анъанавий равишда фақат уриб туширилган дронлар ҳақида маълумот бериб, ерда юзага келган оқибатлар ҳақида хабар бермаган. Бироқ, Елец шаҳри аҳолиси ва ОАВ “Энергия” АЖ ҳудудидаги ёнғин акс этган видеоларни тарқатди. 

Кейинчалик Липецк вилояти губернатори Игорь Артамонов ёнғин “саноат зонасида” локализация қилинганини билдирган ва дастлабки маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар йўқлигини маълум қилган. Тарқалган кадрларда корхона ҳудудидан осмонга кўтарилган қуюқ тутун кўринади, бироқ ҳужум оқибатлари очиқланмаган. Кун давомида вилоят раҳбари асосан ҳаво хавфи режими жорий этилгани ва бекор қилингани ҳақида хабарлар билан чекланиб қолган.

Очиқ манбаларга кўра, “Энергия” АЖ маиший ва умумий саноат техникаси учун кимёвий ток манбалари, жумладан батарея ва аккумуляторлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Маълумотга кўра, корхона ракета-артиллерия мажмуалари, авиация, ҳарбий-денгиз, фуқаролик дарё ва денгиз флоти ҳамда радиотехника учун қувват манбаларини ҳам ишлаб чиқаради. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Украинада олдинга силжиши фонида расмийлар минглаб болалар ва уларнинг ота-оналарини фронт чизиғидаги ҳудудлардан эвакуация қила бошлагани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Энергия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг