Украина сценарийси Арманистонда такрорланиши мумкин – Лукашенко

Олам

image

Беларусь резиденти Александр Лукашенко Арманистон Россия ва Европа ўртасидаги танловда эҳтиёткор бўлиши кераклигини, акс ҳолда Украина бошидан кечирган воқеалар такрорланиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда у Остона шаҳрида бўлиб ўтган Евроосиё иқтисодий иттифоқи саммити якунлари бўйича сўзлаган нутқида маълум қилди.

Лукашенконинг фикрича, Арманистонда ЕОИИдан чиқиш ва Европа Иттифоқига қўшилиш ҳақидаги баёнотлар асосан 7 июнь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловлари билан боғлиқ. У республика раҳбариятининг бу масаладаги ёндашувини хато деб баҳолаган.

“Арманлар жуда эҳтиёт бўлишлари керакки, Худо асрасин, Украинада юз берган воқеалар такрорланмасин. Украинада ҳам ҳаммаси худди шундай бошланган эди. Буни яхши эслайсизлар. Яқинда бир урушни бошдан кечирган арман халқи яна оғир вазиятга тушиб қолмаслиги керак. Россия ва Европа ўртасида танлов қилишдан олдин арман халқи жуда жиддий ўйлаб кўриши лозим”, деган Лукашенко.

Аввалроқ, ЕОИИ давлатлари раҳбарлари саммит якунида Арманистонда Европа Иттифоқи ва ЕОИИ ўртасидаги танлов бўйича референдумни имкон қадар тезроқ ўтказиш тарафдори эканликларини билдирган эди.

Россия Президенти Владимир Путин ҳам Арманистон Европа Иттифоқи ва ЕОИИ ўртасида имкон қадар тезроқ қарор қабул қилиши кераклигини айтиб, бу ҳолда “юмшоқ ва маданиятли ажралиш” мумкинлигини таъкидлаган.

Бироқ Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян мамлакат Москва билан “ажрашмоқчи эмаслиги”ни билдирган. Унинг сўзларига кўра, Арманистон ва Россия кўплаб ришталар билан боғланган ҳамкорлар бўлиб қолмоқда.

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян эса ЕОИИдан чиқиш масаласи Ереван кун тартибида йўқлигини маълум қилган. Шу билан бирга, у Қозоғистонда ўтган иттифоқ саммитида иштирок этмади ва бунга сайловолди тадбирларини сабаб қилиб кўрсатди.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Арманистон Лукашенко танлов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг