Арманистонликларнинг 75 фоизи ЕИга қўшилишни қўллаб-қувватлайди – ОАВ
Олам
−
30 Май 1570 2 дақиқа
Халқаро Республика институти томонидан ўтказилган янги сўров натижаларига кўра, Арманистон фуқароларининг 75 фоизи мамлакатнинг Европа Иттифоқига (ЕИ) аъзо бўлишини қўллаб-қувватлайди.
Уларнинг 38 фоизи бу ғояни қатъий маъқуллаган бўлса, 37 фоизи қисман қўллаб-қувватлашини билдирган.
Тадқиқот 2026 йил 5–11 май кунлари 1511 нафар респондент иштирокида ўтказилган.
Сўровда қатнашганларнинг 61 фоизи Арманистон тўғри йўлдан кетаётганини айтган. Бу февраль ойидаги сўровга нисбатан сезиларли ўсиш бўлиб, ўшанда мазкур кўрсаткич 47 фоизни ташкил этган эди.
Ташқи сиёсат масаласида респондентларнинг 55 фоизи Ғарб билан яқинлашув тарафдори эканини билдирган. Шундан 36 фоизи Европа ва Ғарб билан яқин ҳамкорлик қилиш, бироқ Россия билан алоқаларни сақлаб қолиш керак деб ҳисоблайди. Яна 19 фоиз респондент эса фақат Ғарб йўналишини қўллаб-қувватлаган. Россияга яқин ташқи сиёсат тарафдорлари улуши 27 фоизни ташкил қилган.
Арманистон учун энг катта ташқи таҳдид сифатида респондентларнинг 73 фоизи Озарбайжонни кўрсатган.
Иккинчи ўринда Туркия қайд этилган бўлиб, уни 58 фоиз респондент таҳдид деб ҳисоблайди. Россияни эса 32 фоиз респондент асосий хавф манбаларидан бири сифатида баҳолаган.
Сиёсатчиларга бўлган ишонч рейтингида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян етакчилик қилмоқда. Респондентларнинг 29 фоизи айнан унга энг кўп ишонишини билдирган. Шу билан бирга, 40 фоиз фуқаро бирорта сиёсатчига ишонмаслигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Арманистондаги элчиси Сергей Копиркин маслаҳатлашувлар учун Москвага чақирилганди. Вазирлик баёнотига кўра, бу қарор Арманистон раҳбариятининг Европа Иттифоқи билан яқинлашиш бўйича қадамларига боғлиқ бўлиб, Москва уларни Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги ҳамкорликка зарар етказаётган ҳаракатлар деб баҳоламоқда.
Live
Барчаси