Мубашшир Аҳмад суд ҳукми устидан апелляция киритадими? Адвокат ва жамоатчилик ҳукмдан норози.
3-саҳифа
−
09 Октябрь 6900 4 дақиқа
8 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди. Кетма-кет 3 маротаба қолдирилган ва жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлган, Мубашшир Аҳмад номи билан танилган диний уламо Алишер Турсуновга оид 5-суд иши кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, у 2 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. QALAMPIR.UZ суд мажлисида иштирок этди.

Сўнгги сўзини билдирар экан, Мубашшир Аҳмад фаолиятини холис тарзда олиб борганини айтди ва ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, фақатгина диний мазмундаги материалларни ваколатли органлар рухсатисиз ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг розилигисиз эълон қилганини тан олди, бу ҳам у Ўзбекистондан ташқарида бўлгани учун содир бўлганини билдирди. Судланувчи вояга етмаган фарзандлари борлиги, оила боқувчиси экани, соғлиғидаги муаммолар, қолаверса илмий изланиш олиб бораётганини инобатга олган ҳолда суддан енгиллик беришни сўради.
Бир соат давом этган суд муҳокамасидан сўнг, Мубашшир Аҳмад Жиноят кодексининг 156-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) 2-қисми, 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди ва 244-3-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Унга Жиноят кодексининг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда 59-(бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-(жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалар тартибида 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Шу билан бирга, интернет тармоғидаги Facebook, Instagram ижтимоий тармоқлари, Telegram мессенжери ҳамда YouTube видеохостингидаги Мубашшир Аҳмад ва Азон Глобал – Муқобил ахборот-таҳлилий канали номли саҳифалар (каналлар) фаолияти тўхтатилиб, блокланиши белгиланди.
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг ушбу ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги билдирилди.
Қўйилган айблар юзаки бўлгани сезилганини айтган ёзувчи Нуриллоҳ Муҳаммад Рауфхон Мубашшир Аҳмадга нисбатан берилган икки йил-у олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси бўйича фикрини билдирди. Унинг айтишича, судланувчи Жиноят кодексининг 3 моддаси билан айбдор деб топилиши бутун иштирокчиларни ҳайрон қолдирган. Шунингдек, у Мубашшир Аҳмадга тегишли бўлган нашрнинг блокланиши сўз эркинлиги нуқтаи назаридан афсусланарли ҳолат эканини билдирилди.

“Биз яхшиликдан умид қилган эдик, чунки бу умидларга асослар бор эди. Олдинги судларда кўрдик – қўйилган кўплаб айбловлар исботини топгани йўқ. Айблар юзаки бўлгани сезилди, шунинг учун бизнинг умидимиз бор эди – анча енгил бўлишига. Афсус, тергов пайтида қўйилган ҳар уч модда бўйича айбдор деб топилгани бизни ҳайрон қолдирди. Чунки ҳаммани умиди яхшилик эди. Лекин судья охирида моддаларда белгиланган энг енгилдан ҳам камроқ жазо берганини айтди, аммо кўнгил таскин топмади, тўғриси. Сўз эркинлиги нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, Мубашшир Аҳмад нашрларининг блокланиши – афсусланарли ҳолат. Технологик имкониятлар нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, унинг блокланиши имконсиз. Ҳозирги замонда бошқача йўллар билан кўриш имкони бор”, деди у.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Тошкент ислом институтида Ҳанафий мазҳабининг фиқҳи ва Усул ал-Фиқҳ (мерос илми), “Нақшбандия” тасаввуфидан дарс берган, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фаолият олиб борган Мубашшир Аҳмаднинг ҳибсга олиниши ва ундан кейинги жараёнлар бўйича Ўзбекистондаги уламоларнинг сукути ҳайратланарли ҳолат эмас эканини урғулади.
Ўз ҳимоясидаги шахсга нисбатан ўқилган ҳукм билан келишмаслигини билдирган адвокат Дилшод Бойтўраев бу ҳукмдан норози экани ва ариза бериш масаласи муҳокама қилинишини айтди.
%20copy%20(4)%20(9).jpg)
“Биз ўзимизнинг ҳимоя позициямиздан келиб чиқиб, суд ҳукми билан келишмаймиз. Ҳимоям остидаги шахс билан ҳар бир ҳолат бўйича маслаҳат қилиб, аппеляция бериш-бермаслик масаласини кўриб чиқамиз”, деди у.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь