Умра зиёратига боришга вақтинчалик чеклов эълон қилинди
Жамият
−
20 Февраль 5934 2 дақиқа
Саудия Арабистони 2026 йилги Ҳаж мавсуми олдидан Умра зиёратига оид муҳим чеклов ва муддатларни эълон қилди. Бу ҳақда “BookMyUmrahTrip” хабар берди.
Янги тартибга кўра, Умра амалларини бажариш учун сўнгги сана 2026 йил 18 апрель этиб белгиланган.
Ҳар йили Макка ва Мадина шаҳарларига миллионлаб зиёратчилар ташриф буюради. Аммо, Ҳаж мавсуми яқинлашган сари Саудия ҳукумати муқаддас шаҳарларни катта ҳажмдаги зиёратчиларни қабул қилишга тайёрлаш мақсадида Умра визаларини вақтинча тўхтатади.
Расмий маълумотларга кўра, Умра визасига ариза беришнинг сўнгги куни жорий йил 19 март, Саудия Арабистонига киришнинг сўнгги куни 2 апрель, мамлакатни тарк этишнинг сўнгги куни эса 18 апрель этиб белгиланган.
Мутахассисларнинг билдиришича, Умра зиёратининг тўхтатилиши логистика ва хавфсизлик нуқтаи назаридан зарур. Ҳаж пайтида икки миллиондан ортиқ зиёратчи мамлакатга кириши кутилмоқда. Шу боис хавфсизлик чоралари кучайтирилади, тиббий хизматлар кенгайтирилади ҳамда меҳмонхоналар ва транспорт тизими Ҳаж зиёратчилари учун қайта ташкил этилади. Бу тартиб муқаддас масжидларда ортиқча тирбандликнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.
Чекловлар Ҳаж олдидан Умра режалаштирган зиёратчилар, халқаро саёҳат агентликлари, Макка ва Мадинадаги меҳмонхона ва транспорт соҳаси вакиллари ҳамда маҳаллий фуқаролар ва хорижий резидентларга таъсир кўрсатади.
Маълумотларга кўра, Ҳаж мавсуми якунлангач, тахминан 2026 йил 11 июнь атрофида Умра қайта йўлга қўйилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда Ҳаж ва Умрага бориш учун энди ягона портал орқали рўйхатдан ўтиш мажбурий этиб белгилангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси