Ўзбек илм-фани оғир жудоликка учради
Жамият
−
17 Февраль 18722 2 дақиқа
Бутун ҳаёти ва меҳнат фаолиятини Ўзбекистон таълим соҳаси тараққиётига бағишлаган фидойи устоз, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, олий таълим аълочиси Карим Ойбекович Эгамқулов шу йил 14 февраль куни 87 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Карим Эгамқулов 1939 йил 5 майда Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида туғилган. 1964 йилда Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети)ни тугатиб, шу даргоҳда катта лаборант бўлиб иш бошлаган. Сўнгра ушбу институт аспирантурасида таҳсил олган ва номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.
1969–1972 йилларда Сирдарё вилояти “Билим” жамияти масъул котиби сифатида ишлаб, халққа зиё ва маърифат улашишга муносиб ҳисса қўшган.
1972–1975 йилларда Сирдарё давлат педагогика институти проректори вазифасида самарали фаолият юритиб, ўзининг етакчилик салоҳиятини, ташкилотчилик ва ташаббускорлик фазилатларини намоён этган.
1975–1987 йилларда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтининг Янгиер филиали директори лавозимида хизмат қилиб, Ўзбекистонда соҳа учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш ишларида фидойилик кўрсатиб меҳнат қилган.
Карим Эгамқулов илмни амалиёт билан боғлаб, хусусан, қишлоқ ва сув хўжалиги таълимини ва амалиётини ривожлантириш борасида ўзига хос тажриба мактабини яратган.
Ирригация ва қишлоқ хўжалиги соҳасига оид 20 дан ортиқ ўқув-услубий қўлланмалар ва дарсликлар муаллифи сифатида танилган тажрибали ва илғор педагог Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтининг малака ошириш факультети декани, тупроқшунослик кафедраси мудири, Сирдарё вилояти ҳисобчиларни қайта тайёрлаш ўқув маркази директори вазифаларида ҳам самарали меҳнат қилиб, Ўзбекистон ирригация ва қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларининг амалий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, уларни замонавий илм-фан ютуқлари билан таништириш ишларини самарали ташкил этган.
Сўнгги йилларда улуғ ёшда бўлишига қарамасдан, фидойи жамоатчи, катта ҳаёт тажрибасига эга оқсоқол сифатида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қишлоқ ва маҳаллаларни обод этиш, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган эзгу ишлар самарасини тарғиб қилиб келган.
“Юксак салоҳиятли олим, ёшларнинг меҳрибон устози, камтарин инсон Карим Эгамқуловнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади таъзияномада.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директори, сенатор Мир-Акбар Хожи-Акбарович Раҳмонқулов 74 ёшида вафот этган эди.
Live
БарчасиТаровеҳ намозини ўқиш вақтлари эълон қилинди
17 Февраль