Ўзбекистон дипломатлари Россия элчиси билан мигрантлар масаласини муҳокама қилди

Жамият

image

Кеча, 26 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Алексей Ерхов билан учрашув ўтказди ва Россия ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир долзарб масалаларни муҳокама қилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов маълум қилди.

Жорий йилнинг 15 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти юзасидан ўтказаётган видеоселектор йиғилишида хорижий мамлакатларда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ўзбекистонликларга нисбатан бўлаётган ғайриинсоний ҳаракатлар, рейд тадбирларига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги нари борса нота бериш билан кифояланаётганини айтиб, танқид қилган эди.

Мазкур танқиддан сўнг бўлиб ўтган учрашув давомида Ўзбекистон дипломатлари Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир долзарб масалаларни батафсил муҳокама қилган.

Хусусан, муҳокамаларда Ўзбекистон томонидан Россия Федерацияси ҳудудларида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси бош консуллари иштирок этган. Бу эса жойлардаги амалий иш тажрибасини инобатга олган ҳолда кўтарилган масалаларни аниқ ва атрофлича кўриб чиқиш имконини берган. Россия томонидан эса дипломатик ваколатхонанинг консуллик бўлими раҳбарияти, миграция масалалари бўйича масъул ходимлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари қатнашган.

Ўзбекистон томони миграция текширувлари ва рейд тадбирлари ўтказилаётган жараёнда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг – ҳам қонунга риоя қилаётган, ҳам миграция қонунини бузган фуқароларнинг – ҳуқуқлари ва инсоний қадр-қимматини камситишнинг ҳар қандай шаклига йўл қўйилмаслиги принципиал аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаган.

Учрашув томонларнинг миграция жараёнларини тартибга солиш, шунингдек Россия Федерациясида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қонуний меҳнат фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган прагматик ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқотни ривожлантиришга интилишини тасдиқлаган.

Шунингдек, томонлар амалий ҳамкорликни доимий равишда такомиллаштириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида мунтазам консуллик маслаҳатлашувлари ҳамда икки томонлама учрашувлар ўтказиш зарурлигини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

мигрантлар Олимжон Абдуллаев Алексей Ерхов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг