Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди

Жамият

image

Бугун, 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған раислигида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, томонлар мазкур йиғилиш муборак Рамазон ойи ҳамда икки мамлакат ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганига 30 йил тўлиши арафасида ўтаётгани рамзий маънога эга эканини таъкидлаган.

Сиёсий мулоқот жадал ривожланаётгани, халқаро масалалар юзасидан томонларнинг позицияси ўхшаш экани мамнуният билан қайд этилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишиб олинган.

Парламентлараро алоқалар, жумладан, дўстлик гуруҳлари доирасида фаоллашди. Ўзаро савдо ҳажми, шунингдек, Туркиянинг етакчи компаниялари билан қўшма корхона ва лойиҳаларнинг сони изчил равишда ўсиб бормоқда.

Келгуси йилларда товар айирбошлаш ҳажмини, жумладан, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимдаги товарлар рўйхатини кенгайтириш орқали  5 миллиард долларга етказиш вазифаси белгилаб олинган.

Ташрифга тайёргарлик доирасида алоҳида дастур асосида амалга оширилиши назарда тутилган саноат кооперациясининг янги устувор йўналишлари ишлаб чиқилган.

Шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликнинг улкан салоҳияти қайд этилган. Йил охирига қадар Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан делегациялар ҳамкор ҳудудлар билан лойиҳалар портфелини ишлаб чиқиш мақсадида Туркияга ташриф буюради.

Қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, соғлиқни сақлаш ва тиббий туризм соҳаларида Туркиянинг илғор тажрибасини жорий этиш зарурлиги таъкидланган.

Туризм йўналишида алоқаларни ривожлантириш, театр фестиваллари ва маданият ҳафталикларини ўтказиш, тарихий фильмларни биргаликда ишлаб чиқариш, маданий мерос объектларини ҳамкорликда тиклашга алоҳида эътибор қаратилган.

Таълим соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида шу йил баҳорда Бухорода тўртинчи Ректорлар форумини ўтказишга келишиб олинган.

Шунингдек, Қўшма ҳукуматлараро комиссия ҳамраисларининг кўп қиррали ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан ҳисоботлари тингланган.

Йиғилиш якунида икки давлат ҳукуматларига қабул қилинган қарорларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш топширилган.

Шавкат Мирзиёев Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистонга ташриф билан келишни таклиф қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Анқара шаҳридаги Президент саройида Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ражаб Тойиб Эрдўған Стратегик ҳамкорлик кенгаши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг