Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасига борди

Жамият

image

Бугун, 11 апрель куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Ўзбекистонга амалий ташриф билан келгач, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қадимий Бухородан 12 километр узоқликда жойлашган мажмуа минтақадаги энг муҳим зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади. Бу ерда XIV асрнинг йирик уламоси – нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд дафн этилган.

Ўзбек ва қозоқ халқларининг дини, маънавий қадриятлари бир. Ўзбекистонда яшаган авлиё ва алломалар Қозоғистонда ҳам эъзозланади. Баҳоуддин Нақшбанд ана шундай сиймолардан биридир.

Ансамбль асрлар давомида шаклланган бўлиб, бугунги кунда унинг таркибида мақбара, Абдулазизхон томонидан зиёратчилар учун қурилган хонақоҳ, иккита масжид, шайбонийлар, аштархонийлар ва манғитлар сулолалари амирлари дафн этилган дахма, шунингдек, сўфийлик тарихига бағишланган музей ўрин олган.

Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мажмуа янада обод қилиниб, тарихий қиёфаси тикланган. Аввало, Тоқи миёна дарвозасидан борувчи тарихий йўлак қайта таъмирланган. Тоқи миёна дарвозасининг икки ёни боғга айлантирилган. Музей ва таҳоратхона барпо этилган. Манғитлар сулоласига мансуб бўлган Бухоро оталиғи Дониёлбий қурдирган мадраса таъмирланмоқда.

Ташриф давомида Қуръон оятлари тиловат қилиниб, қардош халқларга тинчлик ва фаровонлик тилаб, дуо ўқилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қосим-Жомарт Тўқаев амалий ташриф билан Ўзбекистонга келгани ҳақида хабар берилган эди. Олий мартабали меҳмонни Бухоро халқаро аэропортида Ўзбекистон раҳбари кутиб олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Қосим-Жомарт Тўқаев Баҳоуддин Нақшбанд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг