Ўзбекистонда “10 минг қадам пиёда” ташаббуси тикланади

Жамият

image

Ўзбекистонда аҳоли орасида экологик маданиятни ошириш учун “10 минг қадам пиёда” ташаббусини тиклаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 23 март куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимотда сўз боради.

Қайд этилишича, “Экомаданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни бир-бирига боғлаган ҳолда янги тизим яратиш режалаштирилган.

Мазкур соҳада халқаро стандартларга мос мутахассислар етишмаётгани, аҳоли ўртасида экологик онг ва барқарор одатлар ҳали етарли даражада шаклланмагани, инновация ва иқлим технологияларини амалиётга жорий қила оладиган кадрлар тақчиллиги мавжудлиги қайд этилган. Шу муносабат билан 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб 14 та ҳудудда “яшил техникумлар” ташкил этилиб, улар “Green University” тизимига академик ҳамкорлик асосида бириктирилади.

Лойиҳага кўра, тайёрланадиган ўқувчи ва талабалар сони йил сайин оширилиб, 2028-2029 ўқув йилига бориб, 10 минг нафарга етказилади. Бакалавриат ва магистратурада атроф-муҳит ва барқарор бошқарув, яшил иқтисодиёт, атроф-муҳит муҳандислиги, иқлим ўзгариши, чўлланишга қарши курашиш, барқарор шаҳарсозлик, барқарор энергия алмашинуви каби янги йўналишлар очилади. Таълим жараёнида дуал тизим жорий қилиниб, назарий билим билан амалиёт уйғунлаштирилади. Университет таълим тизимини ривожлантириш, илмий-инновацион лойиҳалар ва тарғибот ишлари учун катта миқдорда маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Аҳоли орасида экологик маданиятни ошириш учун “10 минг қадам пиёда” ташаббусини тиклаш, “Соғлом турмуш тарзи” платформасини ишга тушириш, шунингдек, Самарқанд шаҳрида GEF-8 ассамблеяси ва “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмасини ўтказиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 1 июнида “Соғлом турмуш тарзи” лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда 10 минг қадам юрганларга пул тўланиши бошланган эди. Унга кўра, мобил илова автоматик тарзда қадамларни ҳисоблайди. Низомга мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон фуқароларининг платформадаги электрон ҳамёнига 3 минг сўмдан ўтказилган. Лойиҳа 2022 йил 6 апрелдаги ПФ-98-сонли Президент фармони билан бекор қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

10 минг қадам пиёда экологик маданият Экомаданият

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар