Ўзбекистонда 151 мингдан ортиқ абонентнинг электр учун тўлов қилиши чекланди
Жамият
−
26 Январь 12400 2 дақиқа
Ўзбекистонда чиқинди хизматидан қарздор 151 мингдан ортиқ абонентнинг электр тўловига вақтинча чеклов ўрнатилди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 16 январь ҳолатига кўра, республика бўйича чиқинди хизматидан қарздорлигини қопланмаган умумий 87,5 млрд сўм дебитор қарздорлик учун жами 873 минг 990 нафар абонент “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг 2100 қисқа рақамидан SMS-хабарнома орқали огоҳлантирилган. Шундан сўнг абонентларга мавжуд қарздорлигини бартараф этиш учун 5 кун муддат берилган ва ушбу даврда 7,4 млрд сўмлик тўловлар амалга оширилган.
Шунингдек, республика кесимида жами 151 минг 202 нафар абонентнинг 14,8 млрд сўмлик маиший чиқинди хизматларидан қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчиларнинг электр энергияси учун тўловига чеклов ўрнатилган. Мазкур чеклов қарздорлик бартараф этилиши биланоқ ечилади.
Маълумот учун, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари бўйича тўлов интизоми тартибга солинган. Унга кўра, ҳар ойнинг 3-санасига қадар қарздор абонентлар тўғрисидаги маълумотлар Чиқиндиларни бошқариш агентлигининг “Тоза макон” биллинг электрон тизимидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг биллинг тизимига узатилмоқда. Ушбу тартиб 2025 йил 30 июнгача бўлган қарздорликларга татбиқ этилмайди. 2025 йилнинг 1 июлидан чиқинди хизматларидан шаклланган қарздорликлар учун жорий йилнинг 5 ноябридан бошлаб қўлланилмоқда.
Live
Барчаси