Ўзбекистонда 2025 йилда 3 та масжид ва 1 та черков расмий рўйхатдан ўтди

Жамият

image

2025 йил мобайнида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳага оид кўплаб ишлар амалга оширилган. Жумладан, 3 та янги масжид, шунингдек, Навоий вилоятида 1 та ноисломий диний ташкилот давлат рўйхатидан ўтган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан берган ҳисоботида маълум қилинган.

Қайд этилишича, ўтган йил мобайнида 14 та (2 та қонун, 2 та Президент фармони, 5 та Президент қарори, 4 та Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва 1 та идоравий) норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Тизим ташкилотлари билан ҳамкорликда мутаассиблик, радикал ғоялар ва экстремизм руҳидаги ахборотларга қарши 3 411 та раддия мазмунидаги материаллар тайёрланган. 

Шунингдек, диний-маърифий ресурслар орқали 170 мингдан ортиқ материал интернет тармоқлари орқали тарқатилган. Диншунослик экспертизаси фаолиятини янада такомиллаштириш, иш жараёнларини оптималлаштириш, ходимлар вақтини самарали тақсимлаш мақсадида экспертиза тадқиқотлари жараёнига сунъий интеллект технологиялари ҳам жорий қилинган. Бундан ташқари, хориждаги ватандошлар учун Фатво маркази ҳузурида “Колл-марказ” хизмати ташкил этилган.  

Қўмитага кўра, ҳисобот даврида 3 та янги масжид рўйхатдан ўтган, яна 43 та масжидда тубдан қайта қуриш ҳамда 15 та масжидда таъмирлаш ишлари якунланган. Шунингдек, Навоий вилоятида 1 та янги диний ташкилот – Рим-католик черкови давлат рўйхатидан ўтказилган. 

Маълумот учун, бугунги кунда республика бўйича 2 148 та масжид ҳамда 199 та ноисломий диний ташкилот фаолият юритмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Саудия Арабистонидан муқаддас Каъба ёпинчиғи Кисванинг эшик қисми тўлиқ ҳолда Ўзбекистонга олиб келинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон масжид черков

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг