1700 км масофани енгган муҳаббат. Бакудан Ўзбекистонга келин бўлган қиз ҳикояси
Интервью
−
08 Март 63754 18 дақиқа
Баъзан тақдир бизни минглаб километр узоқликдаги манзилларга етаклайди. Озарбайжоннинг сўлим Шеки шаҳрида туғилиб, шамоллар шаҳри Бакуда улғайган Айнура Мустафоеванинг ҳаёт йўли ҳам мана шундай кутилмаган, аммо гўзал бурилишларга бой. Унинг қалбидаги Ўзбекистонга бўлган илк муҳаббат олти ёшида кўрилган эски бир фильм билан бошланган. Бугун эса у ўша фильмдаги тасаввурларининг ортидан бориб, ўз бахтини Ўзбекистондан топди.
Бугунги глобаллашув даврида ўзбек қизларининг Туркия, Жанубий Корея ёки Хитой каби давлатларга келин бўлиб кетиши ҳақидаги хабарлар биз учун одатий ҳолга айланиб улгурди. Аммо танганинг иккинчи томони – хорижлик қизларнинг ўзбек хонадонларига келин бўлиб келиши, бу ердаги қадриятларни қабул қилиб, ўз бахтини айнан Ўзбекистондан топиши ҳам инсонни севинтирадиган ҳол.
QALAMPIR.UZ’нинг икки қардош халқнинг менталитети, келинлик орзулари, қалин пули борасидаги қизиқарли қарашлар ва мусофирликнинг ширин заҳматлари ҳақида – озарбайжонлик келин Айнура хоним билан самимий суҳбатимизни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Абдураҳмон Эргашев, мухбир: Айнура хоним, аввало суҳбатимизга рози бўлганингиз учун раҳмат. Ўзингизни ўқувчиларимизга яқиндан таништирсангиз, қаерда туғилиб ўсгансиз, Озарбайжондаги болалик ва ёшлик даврингиз қандай ўтган? Оилангиз, таълимингиз ва у ердаги кундалик ҳаётингиз ҳақида бироз гапириб берсангиз.
Озарбайжонлик келин Айнура Ҳусанова: Мен Айнура Ҳусанова, қизлик фамилиям Мустафоева, Озарбайжон Республикасининг Шеки туманида туғилганман. Шекида ўқиб, мактабни тугатгач, оилам билан Баку шаҳрига кўчиб келдик. Кейин Бакуда ишладим ва ишлаш билан бирга университетда ҳам ўқидим.
2020 йилда Туркиянинг Анқара шаҳридаги Отатурк университетига қабул қилиндим, ўша йилларда коронавирус пандемияси ва Қорабоғ уруши сабабли чегаралар ёпиқ эди, қатнов бўлмагани учун сиртқи таълим олдим.
А.Э.: Ижтимоий тармоқлардаги фаолиятингиздан кўринадики, Ўзбекистон билан боғлиқ туйғуларингиз жуда эрта бошланган. Қизиқ, бу мамлакат ҳақидаги илк тасаввурингиз қачон пайдо бўлган? Ўзбекистонни қандай кашф этгансиз ва қандай қилиб бу юрт қалбингизга яқин бўлиб қолган? Шунингдек, турмуш ўртоғингиз билан танишув жараёнингиз қандай бошланган? Бу икки давлат орасидаги қарийб 1700 километр масофа қандай қилиб қалблар орасидаги масофани енга олди?
А.Ҳ.: Ажойиб савол (кулиб), менинг жавобим эса бундан ҳам ажойиб. Мен 6 ёшимда бир Озарбайжон фильмини кўрганман. Фильмнинг номи “Görüş” (“Учрашув”) эди. Фильм СССР даврида Озарбайжон ва Ўзбекистон бирлиги, дўстлиги ҳақида ҳикоя қиларди. Ҳар икки давлатнинг пахтакорлари илғор ва меҳнаткаш сифатида тасвирланган.
Фильмда Ўзбекистондан 5-6 нафар пахтакор Озарбайжонга келади. Уларнинг орасида жуда гўзал бир қиз бор эди. Қизнинг исми Лола – кўзлари қийиқ, сочлари қора ва узун. Унинг гўзаллиги мени ўзига мафтун қилган. 6 ёшимда Ўзбекистонни Озарбайжоннинг бир қишлоғи деб ўйлаган эдим. “Ўзбекистон” номини биринчи марта ўша пайт эшитганман. Лоланинг гўзаллиги мени жуда ўзига тортган, ҳатто Ўзбекистон “қишлоғи”даги барча қизлар Лола каби чиройли деб ўйлаганман. Ўша 6 ёшимда Лоланинг қишлоғига боришни хоҳлаганман. Гўёки, у жой мен яшайдиган қишлоқдан 6-7 км узоқликда деб тасаввур қилганман. Аслида эса Лола яшаган жой билан менинг яшаган жойим орасида минглаб км масофа бор экан.

5-синфда ўқиб юрганимда отам янги машина олган эди. Машинада асосан Юлдуз Усмонованинг қўшиқлари бўлган. Бир куни отам мени мактабдан олиб келаётганда қўшиқ янгради. Тили жуда бошқача, лекин бир вақтнинг ўзида бизнинг тилга ҳам яқин эди. Қўшиқдаги 5 сўздан 2 тасини тушунардим. Отамдан сўрадим: “Бу қайси тил?” У: “Ўзбек тили”, деди.
Мен ҳайрон бўлдим: “Ўзбек тили? Хорижий тилми?” дедим. Отам жавоб бермади. Шундай қилиб йиллар ўтди. Ҳар сафар машинада бирор жойга кетганимизда отам сабабли Юлдуз Усмонованинг қўшиқларини ёдлаб олардим.
Кейинроқ 8-синфда тарих дарслигидан Амир Темур ҳақида ўқидим. Буюк ҳукмдор Амир Темур Ўзбекистондан эканини билган куним “Görüş” фильмидаги Лолани эсладим. Ўша пайтда тушундимки, Лола яшаган жой оддий қишлоқ эмас, балки буюк бир давлат экан. Жуда ҳайратлангандим – бу қадар тасодиф бўлиши мумкин эмас, деб ўйлаганман.
Тарих фанини умуман ёқтирмасдим, лекин Амир Темур мавзусини ёддан билардим. 2012 йилдан бошлаб, яъни 8-синфдан бери у менинг энг севимли ҳукмдоримга айланган.
Ўша кичик тасодифлар ҳаётимда катта бир дунё ва гўзал кунлар бошланишини билмаган эдим. Ўша пайтларда интернет деярли йўқ эди, телефон ҳам кам одамда бор эди.
Мактабни тугатиб, 2017 йилда Instagram очдим. Google орқали Ўзбекистон ҳақида излана бошладим. Instagram орқали кўплаб ўзбек дўстлар орттирдим. Севгим кундан кунга ортди. Сўнг ўзимга сўз бердим: ишлаб пул топаман ва Ўзбекистонга бораман, дедим. Сўзимда турдим – Ўзбекистонга келдим ва бу ерда ўз севгимни, руҳимни топдим.
Тошкентга биринчи келганимда тасодифан танишдик – бир-биримизни кўрдик ва севги ҳиссини туйдик. У менга яқинлашди. Бошқа давлатдан келганимни билиб, ёрдам бермоқчи бўлди. Instagram’имни олди ва танишувимиз ўша ердан бошланди. Биз бу икки йил ичида кўп бора айрилдик, лекин севгимиз бизни яна ярашишга мажбур қилди.

А.Э.: Унаштирув ва оилалар билан танишув жараёнингизни сўзлаб берсангиз. Барибир бошқа-бошқа давлатлар, бу икки ёшнинг турмуш қуриш қарорига оилаларингиз қандай муносабатда бўлди? Қандай қийинчиликлар юзага келди ва охир-оқибат оилаларингиз розилик билдирганида қандай ҳис-туйғуларни бошдан кечирдингиз?
А.Ҳ.: Бу жуда ҳаяжонли ва қийин эди, чунки оилаларимиз бир-бирига жуда бегона, менталитетлар жуда фарқ қиларди, ҳеч ким қароримизга рози эмас эди. Ўзбекистондан Озарбайжонга қайтганимда, аввал отамнинг олдига бордим ва “Мен Ўзбекистондан бир йигитни севиб қолдим, у ҳам мени севади”, дедим. Отам муносабатимизга қарши чиқмади.
Лекин қизим бу узоқ йўл, менталитет фарқ қилади, у ерда қийналасан, деди. Икки йил давомида менга совчи келди, лекин “Мен фақат ўзбек йигити билан турмуш қураман”, дедим. Шу икки йил ичида турмуш ўртоғимга ҳам кўп ўзбек қизларини кўрсатишган, лекин у ҳам “Мен фақат бу Озарбайжон қизи билан турмуш қураман, акс ҳолда умр бўйи бўйдоқ ўтаман”, деган.
Яна атрофимдаги одамлар аввалига “Жуда узоқ, масофа катта, менталитет жуда фарқ қилади, бир озарбайжонлик учун у ерда яшаш қийин бўлади”, деб кўп салбий фикрлар айтишди.
Лекин мен учун фақат битта ҳақиқат бор эди – бу севги. Севги масофани ҳам, бошқа баҳоналарни ҳам тан олмайди. Севги жасорат ва фидойилик талаб қилади.
Мен бошқаларнинг гапларига эътибор бермадим, оиламнинг фикрларини ҳам салбийликдан ижобий томонга ўзгартирдим ва натижа бўлди. Бугун мен жуда бахтлиман.
Охир-оқибат икки йил ўтгач, оилаларимиз розилик билдирди. Совчилар Ўзбекистондан Баку шаҳрига келишди, аэропортда учрашдик, совчилик маросими бўлди. Оилаларимизнинг танишуви жуда самимий ўтди, бир-бирлари билан “ака-ука” бўлиб кетди. Отам ва онам жуда хурсанд бўлишди. Қайнотам “Айнура энди менинг келиним эмас, менинг қизим бўлади, ҳар доим шундай бўлади,” деб ота-онамга ваъда берди.

Бизнинг совчилик маросимимизда одат бўйича сирға эмас, узук тақилди. Қайнотам узук тақди ва маросимдан сўнг меҳмонларга ширин чой берилди. Қайнотам уч кун Озарбайжонда қолди, Бакуни ва Кавказ тоғларини кўрсатдик, кейин аэропортдан Ўзбекистонга кузатдик. Шу билан мен наслимизда хорижга келин бўлган биринчи қиз бўлдим. Аслида мен хорижга эмас, ўз ота юртимга келин бўлиб бордим, деб ҳисоблайман.
Унаштирувдан сўнг мен тезроқ тўй бўлишини, ота юртимга келин сифатида боришни интиқлик билан кутардим. Оилам эса мени узоққа юборишаётганидан озгина хафа эди.
А.Э.: Айнура хоним, Ўзбекистонга келганингиздан кейин бу ерда янги дўстлар ҳам орттирдингизми? Агар шундай бўлса, қандай дўстликлар сизга энг яқин ва эсда қоларли бўлди?
А.Ҳ.: Очиғи, бошида бироз қийналдим. Янги мамлакат, янги менталитет ва тил фарқи бор эди. Аммо ўзбек аёллари жуда меҳрибон ва самимий экан. Вақт ўтиши билан уларни яқиндан танидим ва тезда илиқлик пайдо бўлди. Энди айта оламанки, ўзбеклар орасида ўзимни бегона ҳис қилмайман. Ўзбекистонда кўп дугоналарим бор, уларнинг ҳар бирини яхши кўраман. Қашқадарёга, Тошкентга борганимда ҳам улар билан учрашдим.
А.Э.: Энди энг қизиқ ва муҳим лаҳзага келдик – тўй! Тўйингиз қаерда бўлди ва қандай ўтганини сўзлаб бера оласизми? Икки мамлакат ўртасидаги маросимларда қандай фарқлар сезилди. Маросимдаги энг эсда қолган лаҳзалар, оилангиз ва меҳмонлар билан бўлган хотиралар ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
А.Ҳ.: Тўй 2025 йил 26 октябрда ҳар икки мамлакатда ўтказилди. Озарбайжонда, Бакуда кичик, Ўзбекистонда, Қашқадарёда катта тўй бўлди. Фарқи шундаки, Озарбайжонда тўйлар одатда 5-6 соат давом этади, Ўзбекистонда эса 3 соатга етади. Озарбайжонда куёв ва келин барча меҳмонлар билан ҳурмат рамзи сифатида рақсга тушади. Ўзбекистонда эса куёв ва келин фақат бир марта рақсга тушади, кўп рақс тушиш менталитет нуқтаи назаридан “енгил” деб ҳисобланаркан. Лекин бу уларнинг энг қувончли куни, шундай экан, тўйда эркин, тўкилиб рақс тушиш ҳам яхши бўларди. Ҳар бир киши ният билан тўй қилади, шундай экан, нима учун чеклаш керак? Бошқа анъаналар ҳам шунга ўхшаш.
А.Э.: Айнура хоним, туркий халқлар орасида одатда тўйлар билан боғлиқ маросимларда “қалин пули” масаласи ҳам эътиборни тортади. Ўзи Озарбайжонда келинга қанча қалин пули берилади ва Ўзбекистон тарафидан сизга қанча берилди?
А.Ҳ.: Бизда қалин пули жуда юқори, камида 8 минг манат (4 700 АҚШ доллари). Аммо отам “Қизим сотилмайди, мен уни пулга бермайман. У ўз хоҳлаши билан севган ёрини танлади, мен эса фақат хайр-дуо бераман”, деди.
Отамнинг фикрича, қалин пули қизни хоҳламасдан, пул эвазига беряпти дегани. Шунинг учун турмуш ўртоғимнинг оиласидан пул олишмади. Фақат “Қизингизга ҳурмат билан, севги билан қаранг”, деди. Қайнотам отамга “Қиз энди менинг келиним эмас, менинг қизим. Сизга укалик сўзим”, деб ваъда берди. Ҳақиқатан ҳам, мен келин бўлган жойимда менга бир марта ҳам “келин” дейишмади, доим “қизим” деб чақиришади.

А.Э.: Тўй нафақат қувонч, балки югур-югури билан ҳам қизиқ. Шу жараёнда йўл ва транспорт, тўй харажатлари, қоғозбозлик ишлари каби масалалар билан қандай шуғулландингиз? Қайси қийинчиликлар ёки муаммолар юзага келди ва уларни қандай енгдингиз?
А.Ҳ.: Қоғоз ишлари осон ҳал бўлди. Мен турмуш ўртоғим яшайдиган манзилига рўйхатдан ўтдим, ФҲДЁда ҳам ҳеч қандай муаммо бўлмади – барча ҳужжатлар бир тартибда ўтди. Йўл харажатлари бироз кўп бўлди, албатта, масофа узоқ эди, лекин бошқа илож йўқ эди.
А.Э.: Ўзбекистонга келин бўлиб келганингиздан кейинги илк кунларингиз қандай ўтганини сўзлаб берсангиз. Оилангиз, уй, муҳит, янги анъана ва одатларни қабул қилиш жараёнингизни, шунингдек, ўша кунларнинг энг эсда қолган лаҳзаларини ҳам ўқувчиларга айта оласизми?
А.Ҳ.: Жуда ҳаяжонли эдим, бу кунни 2 ярим йил кутдим. Турмуш ўртоғим ва мен жуда ҳаяжонда эдик, қўлларимиз муздек бўлиб қолган, мен шодлигимдан йиғлардим. Бизнинг оразимизда катта севги бор – шундай севгики, аминман, ҳеч ким бизникига ўхшаш гўзал севги яшамаган. Ҳаётимизда қисматимизда бир-биримиз билан оила қуриш ёзилган экан. Тақдир бизни бирлаштирди.
Биз бирлашганимиз билан давлатларимиз орасида виза режими енгиллаштирилди. Самарқанд ва Навоий вилоятларида Озарбайжон-Ўзбекистон учиш рейслари очилди. Дўстлигимиз ва қардошлик ришталари кун сайин кучайиб бормоқда. Ҳар бир тараққиётда бизнинг изимиз бор, ва мен айтишим мумкинки, бу ҳақиқат.
А.Э.: Ўзбекистонга келин бўлиб келганингиздан кейин янги оилага ва уларнинг одатлари, анъаналари, кундалик ҳаётига мослашиш қанчалик осон ёки қийин бўлди? Шу жараёнда қандай ҳис-туйғуларни бошдан кечирдингиз ва сизга ёрдам берган энг муҳим нарса нима бўлди?
А.Ҳ.: Ўзбек оиласига мослашиш жуда осон бўлди. Улар Озарбайжон оилаларидан фарқ қилмайди – оиланинг барча аъзолари меҳрибон, самимий ва яқин, мени ҳам жуда яхши кўришади.
Уй ишларида менга энг кўп қайнонам ёрдам берди. У жуда яхши аёл, менга ҳурмат билан муносабатда бўлади. Доимо “қизим” деб мурожаат қилади. Мен ҳам уни онам каби севаман ва ҳурмат қиламан.
Ўзбек тилини дастлаб фильмлар ва қўшиқлар орқали ўргандим. Фильмларда қайнона-келин муносабатлари баъзан қийин ва драматик тарзда кўрсатиларди, шу сабаб очиғи, бу мени жуда қўрқитган эди. Бу қўрқув қайнонамни танигунимга қадар мени безовта қилиб юрди.
Қайнонамни таниган илк кунимдаёқ билдимки, у менга оналик қилади. Ҳозирги кунда муносабатимиз она-бола муносабатидек жуда яқин. У доимо мени “қизим” деб чақиради.
Кичик бир воқеани айтиб бермоқчиман. Тўйдан кейин келин сифатида ҳовлини супуриб юрган эдим. Бир кичкина қуш тез учиб ўтиб, қўлимга тегиб кетди. Мен қўрқиб, қаттиқ йиғлаб юбордим. Қўрқувдан юрагим қинидан чиқиб кетадигандек титрардим. Қайнонам ёнимга келди, йиғлаётганимни ва қўрқиб кетганимни кўриб, у ҳам мен билан бирга йиғлади. Кўз ёшимни қўли билан артиб, мени қучоқлаб, қўрқувимни босишга ҳаракат қилди. Унинг қанчалик меҳрибон ва раҳмдил эканини ўша куни билдим.
Ана ўша кундан бошлаб мен уни чин дилдан севиб қолдим. Олдин эса шунчаки каттамиз сифатида ҳурмат қилардим. Аммо ўша кундан бошлаб уни дунёларча севишга бошладим. У менинг азиз онам. Мен уни ўз онамдан асло ажратмайман. Чунки у ҳаётимнинг маъносини – турмуш ўртоғимни менга ҳадя қилган.
Мен уни жуда яхши кўраман. Унинг менга бўлган меҳр-муҳаббати ва самимийлиги мени унга янада кўпроқ боғлади.
А.Э.: Айнура хоним, ўзбек оиласига келиб, уларнинг анъана ва одатлари билан яқиндан танишдингиз. Қайси одат ёки анъаналар сизни энг ҳайратлантирди? Қайсилари сизга ёқди ва уларни ўзингизнинг ҳаётингизга ҳам олиб киришга ҳаракат қилдингиз?
А.Ҳ.: Озарбайжонда ҳеч бир келин эрталаб соат 5-6 да туриб ҳовлини супурмайди. Ҳатто онамга “Ўзбекистонда келинлар эрта туриб ҳовлини супуради экан”, деганимда – у кулиб “Мен 90-йилларнинг келини бўлганман, ҳатто ўша пайтларда ҳам эрталаб соат 5-6 да ҳовли супурилмаган”, деди.
Энг қийин жиҳати келинларнинг эрталаб уйқусираганча ҳовлини супуриши (кулиб), қолган ҳаммаси менга табиий кўринди. Каттага ҳурмат кичикка иззат менга ёққан одатлардан бири. Ўзбекистонда инсоний қадриятлар жуда юқори экан.
Қизлик ҳаётининг алоҳида бир гўзаллиги бор, лекин турмуш ҳаёти буткул бошқа бир туйғу. Менга уй бекаси бўлиш жуда ёқди. 26 ёшимда оила қурдим ва турмуш қуриш, уй бекаси бўлиш жуда масъулиятли ва айни пайтда жуда гўзал ҳислар эканини ҳис қилдим. Яъни, мен Озарбайжон фуқароси сифатида ўзбек келини бўлишга аллақачон ўрганганман.
А.Э.: Озарбайжонда келинларнинг оиладаги асосий вазифалари қандай бўлади? Шу вазифалар ва масъулиятлар сизнинг Ўзбекистон оиласидаги ролингиз билан қандай фарқ қилмоқда ёки ўхшашликлари борлигини сўзлаб бера оласизми?
А.Ҳ.: Озарбайжон келинлари доимо куларюз ва меҳрибон бўлиши керак. Қовоғидан қор ёғадиган, тепса тебранмас келин ҳеч кимга ёқмайди. Озарбайжонда келин уйга келган меҳмонлардан қочмайди, аксинча, янги келин бўлса, келган меҳмонлар билан яқиндан танишиб, дўстлашади. Ўзбек оилаларида эса бироз фарқ кўрдим – масалан, кулиб, суҳбатлашадиган келинларни “енгил келин” деб кўришади ва уни ғийбат қилишади –“фалончи, келин тишини оқини кўрсатаверади, енгил-елпи”, дейишади. Бу жуда салбий қараш, мен эса буни ёқтирмадим.
А.Э.: Ўзбекистон ва Озарбайжон оилаларида яшаб, икки халқнинг менталитети ва ҳаёт тарзини яқиндан кўрдингиз. Сизга энг сезиларли фарқлар нималар бўлди?
А.Ҳ.: Озарбайжон ва ўзбек менталитети орасидаги энг катта фарқни айтадиган бўлсам, бу – аёлнинг оиладаги мавқеи билан боғлиқ. Масалан, Озарбайжонда аёл ўз фикрини очиқ айтади, “йўқ” дейиш, қарши чиқиш бироз нормал қабул қилинади. Оилада сўз ҳуқуқи нисбатан кучлироқ.
Ўзбекистонда эса аёл кўпроқ жим қолиши ва сабрли бўлиши керак, деган тушунча бор. Катталар олдида жим туриш тарбия сифатида қаралади. Ҳаммасига чидаш аёллик хусусияти сифатида кўрилади. Озарбайжон аёли муаммони гаплашиб ҳал қилади, ўзбек аёли эса сабр қилиб кутади ва сабр орқали ечим топади.
Билмайман, бу одатми ёки бошқа нарса… Масалан, мен супургини деворга таяганимда, “Сен нима қиляпсан? Бундай қилиш мумкин эмас, ёмон ишлар бўлиши мумкин”, дейишди. Мен “Кечирасиз, хабарим йўқ эди”, десам, улар эса “Супургини ерга ётқиз, тик турса ёмон бўлади дейишди”.
Озарбайжонда нонни ушатишда ўнг-чап фарқи йўқ, қандай хоҳлашса шундай бўлишади. Ўзбекистонда эса, адашмасам, нонни биринчи ўнг қўл билан ушатиш керак.
Шу каби кичик, одамни кўп чарчатадиган одатларни жуда кўп кўрдим. Мен буни “ақлий чарчаш” деб атадим – бу эътиқодлар билан ўзларига қийинчилик яратишади.
А.Э.: Ўзбекистонга келганингиздан кейин янги тилни ўрганиш жараёни қандай кечди? Қайси қийинчиликларга дуч келдингиз, қандай усуллар ёрдам берди ва тилни ўрганиш сизнинг ҳаётингизни ёки муносабатларингизни қандай ўзгартирди?
А.Ҳ.: Ҳам Озарбайжон, ҳам ўзбек тиллари туркий тиллар оиласига киради, шунинг учун грамматикаси ўхшашликлар кўп. Мен ўзбек тилини деярли тўлиқ тушунаман ва тахминан 50 фоиз эркин гапира оламан. Бу – тез ўрганиш ва амалиётнинг самарасидир.
А.Э.: Сизга қайси ўзбек таомлари ёқди ва уларни ўзингиз ҳам севиб тайёрлайсизми?
А.Ҳ.: Мен ўзбек таомларидан самса ва ошни жуда яхши кўраман. Умуман олганда, жуда ёғли таомларни ёқтирмайман, ўзбек таомлари ҳам кўп ёғли, лекин айнан самса ва паловни бемалол ейман. Ўзим ҳам севиб тайёрлайман.
А.Э.: Ўзингизнинг ота-уйингизни, Озарбайжонни соғиндингизми? Шу соғинч ва масофани қандай енгдингиз, қайси усуллар ёки одатлар сизга ёрдам берди?
А.Ҳ.: Мен Озарбайжонни жуда соғинаман. Озарбайжонда одамлар анча бошқача. Биз кавказликлар бироз жўшқинроқ, ҳис-туйғуларини очиқроқ кўрсатадиган халқмиз. Осиёликлар эса кўпроқ сокин, осойишта ва вазмин бўлишади.
Озарбайжон халқининг феъл-атвори, у ерда ўтказган ўша гўзал кунларимни жуда соғинаман. Баъзан ўзимга савол бераман: нега ўзбеклар бунчалик сокин? Ҳаёт 3-5 кунлик-ку, нега чин дилдан кулишни хоҳлашса ҳам “секин, сокин кулайлик, уят бўлади” деб ўйлашади?
Мана 6 ойдирки, чин юракдан кулишга уялиб қолдим. Чунки бу ерда бироз баландроқ кулиб юборсам, одамларнинг қораловчи нигоҳларидан ноқулай бўламан. Мен ҳам аста-секин ўзбек бўлиб қоляпман шекилли – ўзимга чекловлар қўя бошладим: секин гапириш, паст овозда кулиш ва ҳоказо.
Озарбайжонда эса қоралаш камроқ. Хоҳласанг баланд кул, баланд гапир – ҳеч ким сени айбловчи нигоҳ билан кузатмайди.

А.Э.: Айнура хоним, янги мамлакат, янги оила ва янги ҳаёт босқичида турмуш ўртоғингиз сизни қандай қўллаб-қувватлади? Қайси пайтларда унинг ёрдами ва далда бериши сиз учун энг муҳим бўлди? Ўзингизни ёлғиз ҳис қилган лаҳзаларда у қандай ёнингизда турди?
А.Ҳ.: Турмуш ўртоғим… Яхши инсонни доимо мақташади. Мен турмуш ўртоғимни ҳар доим мақтайман, чунки у бунга жуда лойиқ. Ўзбекистонда мен учун фақат турмуш ўртоғим ва қайнота-қайнонам бор. Қайнотам менга ўз туғишган отамдек муносабатда бўлади. У жуда ҳурматли, олийжаноб ва мард инсон. Унинг ҳурматини дунёларча азиз тутаман. Албатта, бундай инсоннинг ўзига ўхшаган ўғли бўлиши табиий. Турмуш ўртоғим қайнотамга характер жиҳатидан жуда ўхшайди.
Турмуш ўртоғим ҳам жуда мард ва олийжаноб. У хотинига, яъни менга, жуда ҳурмат билан муносабатда бўлади. Энг кичик, оддий нарсаларда ҳам “Мен борман, ёнингдаман” дейди. Ҳеч кимнинг олдида мени камситтирмайди. Ҳар бир вазиятда мени тушунади.
Мен кўп нарсани унга айтмасам ҳам ўзи сезади. Орамизда жуда кучли боғланиш бор. Руҳларимиз гўё эгизаклардек. Турмуш ўртоғим сўзнинг ҳақиқий маъносида менинг ҳамроҳим. Мен унга чексиз ошиқман.
А.Э.: Сизнингча аралаш миллатли (озарбайжон-ўзбек) оилада бахтнинг сири нимада? Турли менталитет, урф-одат ва қарашларга қарамай, оилани мустаҳкам ва бахтли сақлаб қолиш учун энг муҳим омил нима деб ўйлайсиз?
А.Ҳ.: Менимча, аралаш миллатли оилада бахтнинг сири – ўзаро ҳурмат ва тушунишдир. Ҳар икки томон бир-бирининг тилига, маданиятига ва урф-одатларига қадрият сифатида қараса, оила янада мустаҳкам бўлади.
Фарқлар муаммо эмас, аксинча оилани ранг-баранг қиладиган гўзалликдир. Энг муҳими эса севги, сабр ва бир-бирини ўзгартиришга эмас, балки қандай бўлса шундай қабул қилишга тайёр бўлишдир.
А.Э.: Келажакда фарзандларингизни қайси тилда тарбияламоқчисиз? Улар кўпроқ ўзбек маданиятида улғаядими ёки Озарбайжон анъаналари ҳам ҳаётларида муҳим ўрин эгаллайдими?
А.Ҳ.: Мен фарзандларим икки маданиятнинг гўзаллигини ўзида мужассам этишини истайман. Уйда ҳам озарбайжон тилини, ҳам ўзбек тилини эшитиб улғайишсин.
Улар ҳам Озарбайжон илдизларини, урф-одат ва анъаналарини билишсин, ҳам улғаяётган юрти – Ўзбекистоннинг маданиятини севиб катта бўлишсин.
Менимча, икки маданият бағрида улғайган бола янада бой дунёқарашга эга бўлади.
А.Э.: Бугун Ўзбекистонга келин бўлиб келаётган ёки келишни режалаштираётган қизларга қандай тавсиялар берган бўлардингиз? Ўзингиз бошдан кечирган тажрибангиздан келиб чиқиб, уларга нималарни маслаҳат берасиз?
А.Ҳ.: Озарбайжонлик ва умуман барча хорижий давлат қизларига энг катта маслаҳатим – бу қадамни севги ва тушуниш билан ташласинлар.
Чунки бошқа мамлакатда оила қуриш – фақат севги эмас, балки сабр, мослашиш ва ҳурматни ҳам талаб қилади. Тилини ўргансинлар, менталитетни қабул қилишга ҳаракат қилсинлар ва солиштиришни камайтирсинлар. Агар ўзаро ҳурмат ва севги бўлса, ҳар жойда бахтли бўлиш мумкин.
А.Э.: Айнура хоним, бугун Ўзбекистон сиз учун нимани англатади? Бу мамлакат қалбингизда қандай ўрин эгаллади, ҳаётингиз ва оилавий бахтингизда қандай маънога эга?
А.Ҳ.: Ўзбекистон энди мен учун шунчаки яшайдиган жой эмас. Бу ер менинг оилам, хотираларим тўпланган макон. Инсон қаерда севса ва қаерда севилса, ўша жой унинг уйи ҳисобланади. Мен учун Ўзбекистон иккинчи ватанимга айланган.
А.Э.: Бугунги самимий суҳбат учун катта раҳмат. Сизнинг ҳикоянгиз, ҳаётий тажрибангиз ва тавсияларингиз ўқувчиларимиз учун жуда қизиқарли ва илҳомлантирувчи бўлади деган умиддаман.
А.Ҳ.: Таклиф учун сизга раҳмат.