Ўзбекистоннинг Покистондаги манфаатлари ёхуд Ўзбекистоннинг ядроли дўсти

Таҳлил

image

Сўнгги йилларда халқаро майдонда Ўзбекистоннинг дўсти ёки бошқача қилиб айтганда унга дўст бўлиш ниятидаги давлатлар сони ортиб бормоқда. Иқтисодий жиҳатдан дунёга тобора очилиб бораётган Ўзбекистон бозорлари кўплаб халқаро инвесторларни қизиқтиряпти. Шу ўринда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг ҳам жаҳон бозорларидаги ўрни тобора ортиб бораётгани, Тошкентни Марказий Oсиёдаги энг муҳим иқтисодий зонага айтланишига сабаб бўлмоқда.

Жорий йилнинг 5-6 февраль саналарида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга қилган амалий ташрифи, томонлар ўртасида имзоланган янги шартномалар ва меморандумлар ҳам Ўзбекистоннинг жаҳон саҳнасида нақадар аҳамиятли акторга айланиб бораётганига далилдир. Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини биргаликда мустаҳкамлашга интилиш ниҳоятда муҳим.

Янги зафарлар

Шу йилнинг 5 февраль санасида Шавкат Мирзиёев Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф таклифига биноан Исломободга ташриф буюрди. Покистон ҳаво ҳудудига Ўзбекистон байроғи тасвири туширилган самолётнинг кириб келиши билан уни ушбу мамлакат Ҳарбий ҳаво кучларининг қирувчи самолётлари «Нурхон» аэропортигача кузатиб қўйган. Аэропортда Ўзбекистон Президенти тантанали кутиб олинди. Шавкат Мирзиёевни шахсан Покистон Ислом Республикаси Президенти Асиф Али Зардорий, Бош вазир Шаҳбоз Шариф ва бошқа расмий шахслар кутиб олди. Кўрсатилаётган бундай юксак эҳтиром шубҳасиз Покистоннинг Ўзбекистон билан яқинлашиш нияти кучли эканлигидан далолат беради.

Дастурга мувофиқ, 5 февраль куни Шавкат Мирзиёев Покистон Мудофаа кучлари Олий Бош қўмондони – Қуролли кучларнинг қуруқликдаги қўшинлар қўмондони, фельдмаршал Асим Мунир, Покистон Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Ишоқ Дор билан учрашди. Учрашувлар доирасида томонолар мудофаа саноати корхоналари ўртасидаги кооперация алоқаларини фаоллаштириш, ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш дастурларини кенгайтириш, транспорт ва логистика соҳасида истиқболли инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни тайёрлаш каби қатор масалалар юзасидан келишувга эришилди.

Шу куннинг ўзида, Исломобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Покистон Бош вазири иштирокида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилди. Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Покистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг амалий жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинган. Томонлар ўртасида Ўзбекистон – Покистон Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилган. Бундан кўзланган мақсад, ишбилармон доиралар ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатиш ва икки давлат бозорлари ўртасидаги алоқани ривожлантириш эканлиги айтилган. Бундан ташқари амалдаги имтиёзли савдо битими доирасидаги маҳсулотлар турини, шунингдек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун фитосанитария рухсатномалари рўйхатини янада кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг Лаҳор ва Карачидаги савдо уйларидан фаол фойдаланиш тўғрисида қарорлар қабул қилинган.

Яқин келажакда ўзаро товар айирбошлашни 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Ваҳолангки, бу ўтган йилда қайд этилган савдо айланмаси ҳажмидан қарийб 5 баробар кўп деганидир. Бундан ташқари қишлоқ хўжалиги, электротехника, геология, фармацевтика, енгил саноат, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа соҳаларда қарийб 3,5 миллиард долларлик лойиҳалар портфели шакллантирилган.

Йиғилиш давомида транспорт ва логистика алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Трансафғон темирйўли лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш ва “Покистон – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” транспорт йўлагини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланган.

Томонлар ўртасида маданий-гуманитар соҳада ҳам қатор келишувларга эришилди. Жумладан, Ўзбекистон–Покистон ҳудудлараро форумини ташкил этишга келишилиб, унинг биринчи учрашувини шу йил Хоразм вилоятида ўтказиш таклифи билдирилган. Зиёрат туризми соҳасида ҳам тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари алоҳида муҳокама қилинган. Икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилда Покистонда Ўзбекистон маданияти ҳафталиклари ва Ўзбекистон киноси кунларини ўтказишга келишиб олинган. Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари Бобурийлар меросини тарғиб қилиш учун Лаҳорда қўшма маданият маркази ташкил этишни таклиф қилган.

Иқтисодий, маданий ва ҳарбий келишувлардан ташқари яна қатор битимлар имзоланган:

  • Порт хизматлари ва чегирмалар тақдим этиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
  •  Кончилик ва геология соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Рақамли ва ахборот технологиялари соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Спорт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Экология ва табиий офатлар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Фавқулодда вазиятларни бошқариш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида шартнома;
  • Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва янги психоактив моддалар ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги келишув;
  • Икки мамлакат мудофаа вазирликлари ўртасида “йўл харитаси”.

Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Покистон Миллий фан ва технологиялар университетининг фахрий доктори ва профессори унвонларини бериш маросими бўлиб ўтди. Ушбу унвонлар Ўзбекистон етакчисининг ижтимоий-иқтисодий ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар, мамлакатни изчил модернизация қилиш, фан ва технологияларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорлик ҳамда академик алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун берилган.

Якунда, Шавкат Мирзиёев Шаҳбоз Шарифни жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф этган. Исломобод кўчаларидан бирига Тошкент номи берилгани учун яна бир бор миннатдорлик билдирилган.

6 февраль куни эса Шавкат Мирзиёев Исломобод шаҳрида Шаҳбоз Шариф билан биргаликда Ўзбекистон-Покистон қўшма бизнес форумида иштирок этди. Форумда икки мамлакатнинг 300 дан ортиқ етакчи саноат корхоналари ва савдо компаниялари, тармоқ ташкилотлари ҳамда ишбилармонлик тузилмалари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этган. Тадбирда фармацевтика ва тиббиёт, енгил саноат, кон-металлургия тармоғи ва геология, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кун тартибига кўтарилган. Гўшт, картошка ва гуручни биргаликда етиштириш, шунингдек, уруғчилик ва селекция соҳасида Покистон Миллий геномика институти билан шериклик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, шу куни “Айвони Садр” қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга “Нишони Покистон” орденини топшириш маросими бўлиб ўтди. Президент Асиф Али Зардорий Покистоннинг олий мукофотини Ўзбекистон раҳбарига тантанали равишда топширган. Ушбу нуфузли мукофот кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларнинг муносиб эътирофи ҳамда Ўзбекистон халқига дўстона муносабат ва чуқур ҳурмат ифодаси экани қайд этилган.

Тарихий биродарлик

Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги дипломатик муносабатлар анчайин чуқур сиёсий тарихга эга. Покистон Ўзбекистоннинг мустақиллигини 1991 йилнинг 20 декабрида биринчилардан бўлиб тан олган ва 1992 йилнинг 10 майида расмий дипломатик алоқалар ўрнатилган — бу икки давлат ўртасидаги элчихоналар очилиши ва мулоқот йўлга қўйилгани бошланган давр эди.

1990 йиллар ва 2000 йиллар бошида савдо-иқтисодий алоқалар суст бўлиб, биринчи ҳукумат давридаги ёпиқ ташқи сиясат, минтақавий ноаниқликлар, Афғонистон орқали транзит йўлларининг мураккаблиги, Покистоннинг ўзидаги этник ва диний зиддиятлар ҳамда глобал геосиёсий муаммолар туфайли муносабатлар деярли ривожланмади. Узоқ вақт давомида юқори даражадаги ташрифлар ва кенг кўламли ҳамкорлик йўлга қўйилмаганлиги алоқаларнинг жадал ривожланишига тўсқинлик қилди.

Ўзбекистонда ҳокимият тепасига Шавкат Мирзиёевнинг келиши ва халқаро майдондаги Ўзбекистоннинг позицияси қайта кўриб чиқилиши Покистон билан ҳам алоқаларни яхшиланишига олиб келди. Хусусан, 2021 йил 15-16 июль кунлари собиқ Покистон Бош вазири Имрон Хоннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида “Стратегик шериклик тўғрисида қўшма декларация” имзоланди, бу икки давлат алоқаларини янада чуқурлаштиришга туртки берди. 2022 йил 3-4 мартда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Покистонда давлат ташрифини амалга ошириб, стратегик ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшимча келишувлар имзоланди.

Стратегик ҳамкор даражаси 2021 йилда расман белгиланди ва сўнгги йилларда савдо, транзит, энергетика, таълим ва маданият соҳаларида алоқалар тез суръатда ривожланмоқда. Сўнгги беш йилда бир қатор давлат ташрифлари амалга оширилди, 2025 йилда икки давлатнинг иқтисодий ва транспорт соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича келишувлар имзоланди. 2000 йилда иккала мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 8,5 млн долларига чиққан бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 504,5 млн долларга етди.

Покистондан фойда нима?

Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг илиқлашуви иккала томон учун ҳам муҳим. 38 миллион аҳолили бозор албатта Покистон учун жозибали, аммо Ўзбекистон учун ушбу давлат билан дўстлашишнинг аҳамияти қандай? Этник, диний ва чегаравий муаммоларга эга Покистон билан яқинлашувдан мақсад нима?

Аввало, Покистон Ўзбекистон учун Жанубий Осиёга чиқиш эшиги бўлиб, унинг геостратегик аҳамияти сўнгги йилларда кескин ошди. Географик жиҳатдан денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон учун Покистон ҳудуди орқали Араб денгизига чиқиш энг қисқа ва истиқболли йўналишлардан бири ҳисобланади. Хусусан, Покистоннинг Карачи ва Гвадар портлари Марказий Осиё маҳсулотларини жаҳон бозорларига олиб чиқишда муҳим логистика марказларига айланиши мумкин.

Геостратегик нуқтайи назардан, Ўзбекистон Покистон орқали Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Африка бозорларига уланади. Бу Ўзбекистоннинг ташқи савдо йўлларини диверсификация қилиш, Россия ва шимолий йўналишларга ҳаддан ташқари боғлиқликни камайтириш имконини беради. Айниқса, Афғонистон орқали ўтадиган трансафғон транспорт йўлаги — Термиз–Мозори Шариф–Қобул–Пешовар темир йўли лойиҳаси бу стратегиянинг марказида туради. Ушбу лойиҳа амалга ошса, юк ташиш вақти ва харажатлари сезиларли даражада қисқаради.

Логистика манфаатлари билан бир қаторда, иқтисодий ҳамкорлик ҳам Ўзбекистон учун муҳимдир. Покистон 240 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган йирик бозор бўлиб, тўқимачилик, фармацевтика, чарм маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида катта тажрибага эга. Ўзбекистон эса рангли металл, минерал ресурслар, кимё маҳсулотлари ва энергетика салоҳиятини таклиф қилади. Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилгани бежиз эмас.

Халқимиз айтганидек “дўстинг қанча кўп бўлса ҳам оз”, айниқса, у дўстингда ядровий қурол бўлса, нур устига аъло нур. Покистон Ўзбекистон учун нафақат иқтисодий ва логистика, балки ҳарбий-стратегик жиҳатдан ҳам муҳим ҳамкор ҳисобланади. Покистон — Ислом дунёсидаги ягона ядровий қуролга эга давлат, бу эса уни минтақавий ва глобал хавфсизлик тизимида алоҳида ўрин эгаллашига сабаб бўлади. Бугунги геосиёсий беқарорлик, қуролли можаролар ва кучлар мувозанати издан чиқаётган бир даврда, қудратли ва барқарор стратегик дўстларга эга бўлиш Ўзбекистон ташқи сиёсати учун ниҳоятда муҳимдир. Покистоннинг ҳарбий салоҳияти, тажрибаси ва ядро тийиб туриш омили минтақавий хавфсизликка билвосита ҳисса қўшади ҳамда Ўзбекистоннинг стратегик маневр имкониятларини кенгайтиради.

Шунингдек, Покистон билан алоқалар Ўзбекистоннинг минтақавий ролини кучайтиради. Исломобод Марказий Осиё–Жанубий Осиё интеграциясини фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда, бу эса Ўзбекистоннинг “Марказий Осиё — очиқ ва боғланган минтақа” концепциясига мос келади. Натижада Покистон Ўзбекистон учун нафақат транзит йўл, балки узоқ муддатли геосиёсий ва иқтисодий ҳамкор сифатида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хуллас, Покистон ва Ўзбекистон муносабатлари ривожланиши айни дамда икки давлат учун ҳам бирдек муҳим.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Покистон Шаҳбоз Шариф Исломобод Асиф Али Зардорий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг