Венесуэла қамоқхоналаридан 400 дан ортиқ маҳбус озод қилинди
Олам
−
14 Январь 1575 2 дақиқа
Венесуэла қамоқхоналарида Николас Мадуро сиёсати доирасида ҳибсга олинган 400 дан ортиқ маҳбус озод қилинди. Бу ҳақда мамлакат Миллий Ассамблеяси президенти Хорхе Родригес кеча, 13 январь куни маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳозирда Венесуэлада тахминан 800 нафар сиёсий маҳбус бор. Уларнинг аксарияти 2024 йилда президент Николас Мадуронинг қайта сайланишига қарши ўтказилган норозилик намойишлари чоғида ҳибсга олинган. Венесуэлалик инсон ҳуқуқлари фаоли Марта Тинеонинг айтишича, маҳбуслар Мадуро режими мухолифларига нисбатан шафқатсиз муносабатлар ва қийноқлар билан танилган El Helicoide қамоқхонасидан озод қилинмоқда.
Аввалроқ, 8 январь куни Венесуэла ҳукумати таниқли мухолифат арбобларини ҳам ўз ичига олган “кўп сонли” маҳаллий ва хорижий маҳбуслар озод қилинганини эълон қилган эди. Бироқ маҳаллий инсон ҳуқуқлари бўйича нодавлат ташкилотлар 8 январдан буён мамлакатда атиги 60–70 нафар маҳбус озод этилганини билдирган ва расмийларни жараённи сунъий равишда чўзишда айблаган.
Кўплаб эътирозлардан сўнг, 12 январдан бошлаб маҳбусларни озод қилиш жараёни тезлаштирилди. Миллий Ассамблея президенти парламент мажлисидаги чиқишида: “Сиёсий маҳбуслар эмас, балки қонун ва Конституцияни бузган, зўравонликка даъват қилган айрим шахсларни озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди”, деди.
Унинг сўзларига кўра, бу қарор “тинч-тотув яшашни тарғиб қилиш” мақсадида қабул қилинган. Бир кун аввал Венесуэла расмийлари 116 нафар шахс озод қилинганини ҳам эълон қилган эди.
Венесуэла ҳукумати сиёсий сабабларга кўра одамларни ҳибсга олганини доимий равишда рад этиб келади. Расмийларга кўра, 2024 йилги баҳсли сайловлардан кейинги норозилик намойишлари ортидан ҳибсга олинган 2 минг нафар кишининг аксарияти аллақачон озод қилинган.
Бошқа манбаларга кўра, 13 январь куни Венесуэла ўз дастури доирасида камида бир нафар АҚШ фуқаросини ҳам озод қилган. Унинг шахси хавфсизлик нуқтаи назаридан ошкор этилмади. Аввалроқ Испания Ташқи ишлар вазирлиги озод қилинганлар орасида беш нафар Испания фуқароси борлигини маълум қилган эди.
Шунингдек, Венесуэладаги сўнгги президентлик сайловларида Николас Мадурони амалда мағлуб этган мухолифат сиёсатчиси Эдмундо Гонсалес Уррутиянинг куёви Рафаэл Тударес ҳам яқин вақт ичида озод этилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ бир кунда Венесуэла нефтидан 4 млрд доллар даромад олгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси