Японияга шиддатли тайфун ёпирилди (видео)

Олам

image

Бугун, 2 июнь тонгида Япониянинг Окинава оролига тайфун ёпирилди, бунинг оқибатида 15 дан ортиқ киши жароҳатланди. Ноқулай об-ҳаво туфайли электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда, 300 дан зиёд авиарейс бекор қилинган. Бу ҳақда “Ryukyu Shimpo” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Окинава оролига “Жангми” тайфуни ёпирилган. Унинг марказида босим 975 гектопаскални, шамол тезлиги сониясига 25 метрни, шиддатли шамол эсганда эса сониясига 35 метргача етгани қайд этилган.

Япония Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Минору Киҳарага кўра, табиий офат оқибатида 47,9 минг хонадон чироқсиз қолган, 330 дан ортиқ авиарейс қолдирилган. Шунингдек, қатор автомобиль ва темир йўлларда ҳаракат тўхтаган.

Қайд этилишича, “Жангми” тайфуни жанубий Окинавадан шимоли-шарққа томон ҳаракатланмоқда. Кейинчалик унинг таъсири остида Сикоку ороли ва Хонсю оролининг шарқий қирғоқлари қолиши мумкин. Тайфун оқибатида 15 дан ортиқ киши енгил жароҳат олган.

Муниципал ёнғин-қутқарув хизматлари маълумотларига кўра, бугун, 2 июнь тонгига қадар Гинован шаҳрида уй-жойларнинг қисман шикастланиши билан боғлиқ олтита ҳолат қайд этилган. Ҳукумат зарар кўламини аниқлаштириш мақсадида 3 июнь куни тезкор штабнинг қўшимча йиғилишини ўтказишни режалаштирмоқда.

Иэ қишлоғида электр узатиш тармоқларини тиклаш ишлари давомида 30 ёшлар атрофидаги эркак билан боғлиқ жиддий бахтсиз ҳодиса юз берган. Ишчи бўрондан кейин осилиб қолган симларни таъмирлаётганда ток уриши оқибатида ҳушсиз ҳолда топилган. У оролдан ташқаридаги шифохонага юборилган.

Ноқулай об-ҳаво туфайли бир нечта давлат ва махсус мактаблар ёпилган, 28 та муниципалитетда эса бошланғич ва ўрта мактабларда дарслар бекор қилинган. Окинава губернатори Денни Тамаки тегишли идораларга аҳоли ва фавқулодда хизматлар ходимларининг хавфсизлигига биринчи даражали эътибор қаратишни, шунингдек, тайфун оқибатларини бартараф этиш ишларини жадаллаштиришни топширган.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония тайфун Окинава

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг