Ярим йилда Ўзбекистонда ЯИМ ҳажми 7,2 фоизга ўсди

Жамият

image

Ўзбекистонда биринчи ярим йилликда ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,2 фоизга ўсди. Бу ҳақда бугун, 9 сентябрь куни Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров парламент йиғилишида маълум қилди. 

Унинг айтишича, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 6,6 фоиз, бозор хизматлари 13,3 фоиз, қурилиш ишлари 10,7 фоиз ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш 4,0 фоизга ошган. Асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 273,4 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,5 фоизга ўсган.  Шунингдек, аҳолининг реал даромадлари ҳам 9,5 фоизга ошгани қайд этилди.

Билдирилишича, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 37 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,1 фоизга ошган. Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 103,4 фоизга бажарилгани ҳамда харажатлар бўйича режа кўрсаткичлари 96,8 фоизни ташкил қилгани айтилди.

Қайд этилишича, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети даромадлари 144,2 трлн сўмни ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 19,2 фоизга ошган ва деярли барча солиқ турлари бўйича белгиланган режа кўрсаткичлари тўлиқ бажарилган. Давлат бюджетининг харажатлари эса ҳисобот даврида 173,3 трлн сўмни ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 16,0 фоизга ўсган. 

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ижтимоий харажатлар учун Давлат бюджетидан 86,2 трлн сўм ёки 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 12,1 трлн сўмга кўп маблағ йўналтирилган. Бу эса жами харажатларнинг 49,8 фоизини ташкил этади.

Шунингдек, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида қўшилган қиймат солиғидан манфий фарқни қоплаш учун солиқ тўловчиларга 12,1 трлн сўм миқдорида қўшилган қиймат солиғи суммалари қайтарилган. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини “соя”дан чиқариш ҳамда легаллаштириш чоралари кўрилганлиги натижасида ҳисобот даври якунида қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони 230,4 мингтани ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 7,7 мингтага ёки 3,4 фоизга ошган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон ЯИМ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг