ЕИ Венгрияни махфий музокаралардан четлаштирди – ОАВ

Олам

image

Европа Иттифоқи Венгрия ҳукуматининг махфий музокараларда иштирок этишини чеклаб қўйди. Бунга маълумотлар Россияга етказилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар сабаб бўлган. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Politico” хабар берди.

Манбаларга кўра, бу ҳолат “Европа дипломатиясининг сезиларли қисми” ҳозирда ЕИга аъзо барча 27 давлат иштирокидаги умумий йиғилишлар ўрнига кичик гуруҳлар форматида ўтишига олиб келган. Шундай қилиб, музокаралар E3 (Франция, Германия, Буюк Британия), E4 (ўша давлатлар плюс Италия), “Веймар учбурчаги” (Германия, Польша, Франция), NB8 (Шимолий Европа ва Болтиқбўйининг саккизта давлати) ва бошқа гуруҳларда амалга оширилмоқда.

Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ҳукумати Украинадаги уруш давомида Россия билан зич алоқаларни сақлаб келган. Мамлакат Ташқи ишлар вазири Петер Сийярто ЕИнинг бошқа аъзо давлатлари вакиллари билан учрашувлар пайтидаги танаффуслардан Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан телефонда боғланиш учун фойдаланган. Бунинг фонида Польша Бош вазири Дональд Туск Орбан вакиллари “Москвани ЕИ Кенгаши йиғилишлари ҳақида барча тафсилотлари билан хабардор қилиб турган” деб баёнот берди. 

“Бизда бу борада анчадан бери шубҳалар бор эди. Шу сабабли ҳам мен фақат ўта зарур ҳоллардагина сўз оламан ва фақат керакли нарсани гапираман”, деб ёзди Туск Х ижтимоий тармоғида.

“Politico” маълумотларига кўра, ЕИ раҳбарияти Венгрия томонидан маълумотларнинг Россияга берилиши ҳақидаги хабарларда мамлакатда 12 апрель куни бўлиб ўтиши кутилаётган парламент сайловлари натижасига таъсир қилмаслик учун расман изоҳ беришни истамаяпти. Бу орада Орбан ҳукумати Москва билан зич алоқалар борлигини инкор этган. Европа ишлари бўйича вазир Янош Бока бу ҳақдаги миш-мишларни Орбаннинг “Фидес” партияси рейтингларини туширишга қаратилган “фейк хабарлар” деб атади. “Politico” ҳисоблаган сўровномаларнинг умумий натижасига кўра, венгрияликларнинг 39 фоизи ушбу партияга, 48 фоизи эса мухолифатдаги “Тиса” партиясига овоз беришга тайёр.

“Financial Times” хабарига кўра, Кремль ўз иттифоқчисини қўллаб-қувватлаш учун Венгрия ижтимоий тармоқларида дезинформация тарқатиш режасини таклиф қилган. Ташвиқот кампанияси Орбанни Венгрия суверенитетини сақлаб қола оладиган ягона номзод сифатида тақдим этади. Шунингдек, WaPo Россия Ташқи разведка хизматининг ички ҳисоботига таяниб ёзишича, сайлов натижаларига таъсир ўтказиш учун Москва Орбанга нисбатан суиқасд уюштириш саҳнасини ташкил этишни ҳам таклиф қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Венгрия махфий музокара

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг