Европаликларнинг ярми Трампни Европанинг душмани деб билади – сўровнома

Олам

image

Европа таҳлилчилари томонидан ўтказилган кенг қамровли сўровнома натижаларига кўра, европаликларнинг қарийб ярми АҚШ Президенти Дональд Трампни “Европанинг душмани” деб ҳисоблайди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, Парижда жойлашган Европа масалалари бўйича Le Grand Continent номли таҳлилий платформа ўтказган сўровда иштирокчиларнинг учдан икки қисми ўз мамлакатларининг Европа Иттифоқида қолишини исташини билдирди.

Сўровга кўра, тўққизта давлат бўйича ўртача 48 фоиз фуқаро Трампни очиқ душман сифатида кўради. Бу кўрсаткич Бельгияда 62 фоиз, Францияда 57 фоиз бўлса, Хорватияда 37 фоиз ва Польшада 19 фоизни ташкил этди.

“Қитъа бўйлаб трампизм аниқ душман куч сифатида қабул қилинмоқда”, деди сиёсатшунос Жан-Ив Дормаген. 

Унинг айтишича, 2024 йил декабрига нисбатан Трампни “на дўст, на душман” деб баҳолаётганлар камайган, уни тўғридан тўғри душман сифатида кўрувчилар эса кўпайган.

Бироқ шунга қарамай, европаликлар АҚШ билан стратегик ҳамкорликни муҳим деб ҳисоблашади. Европа Иттифоқининг АҚШ ҳукуматига нисбатан қандай позиция эгаллаши кераклиги сўралганда, 48 фоиз респондент муросавий ёндашувни қўллаб-қувватлади.

Дормагеннинг қайд этишича, бундай натижаларни “бир неча йил олдин тасаввур қилиб бўлмас эди” ва бу Европанинг янги геосиёсий шароитда бевосита тўқнашув эҳтимолини кўпроқ эътироф эта бошлаганини кўрсатади.

Сўров натижалари яна бир муҳим ҳолатни очиқлади, миллий ҳарбий салоҳиятга ишонч жуда паст. Тўққиз давлатдаги респондентларнинг 69 фоизи ўз мамлакати Россия тажовузидан ўзини ҳимоя қила олмаслигига ишонади.

Таҳдидлар бўйича ҳам сезиларли фарқлар аниқланди, 28 фоиз респондент учун технологик ва рақамли хавфсизлик асосий хавотир бўлса, 25 фоиз одам ҳарбий хавфсизликни энг катта таҳдид сифатида кўрсатди. Сўровда қатнашганларнинг 69 фоизи Европа Иттифоқи мудофаа борасида фаолроқ роль ўйнаши керак, деб ҳисоблайди.

Умуман олганда, сўровда иштирок этганларнинг катта қисми Европа Иттифоқига аъзоликни қўллаб-қувватлаган. 74 фоиз респондент ўз мамлакатининг иттифоқда қолишини истаган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Европа Париж Трамп сўровнома

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг