Европани бўйсундиришга уринмоқда – Макрон Давосда АҚШни кескин танқид қилди

Олам

image

Империалистик амбициялари яна юзага чиқмоқда. АҚШ Европани заифлаштириш ва бўйсундиришга уринмоқда. Бу ҳақда бугун, 20 январь куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Давосда иқдисодий форумдаги чиқишида сўз очди.

“Биз қоидаларсиз дунё сари ҳаракатланяпмиз. Можаролар одатий ҳолга айланди. 2024 йилда дунёда 60 тадан ортиқ уруш бўлди – бу мутлақ рекорд. Империалистик амбициялар яна юзага чиқмоқда. Ягона қонун – кучлилар қонуни. Ҳамкорлик ўрнини рақобат эгалламоқда. Франция ва Европа ҳудудий суверенитет ва мустақиллик тамойилларига содиқ. Бу эскилик эмас – Иккинчи жаҳон уруши сабоқларини унутмаслик йўли. АҚШ мажбурлаб тиқиштираётган савдо келишувлари Европани заифлаштириш ва бўйсундиришга қаратилгани яққол кўриниб турибди” дейди Макрон.

Франция етакчисининг айтишича, божлар суверенитетга босим ўтказиш воситаси сифатида қўлланмоқда. Бу мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат.

“Биз ўзимизни ҳимоя қилишимиз керак. Бунинг учун механизмларимиз бор. Бугунги европаликлар ҳаддан ташқари содда: бошқа давлатлар тенг рақобат шароитларига риоя қилмаётган бир пайтда, биз ўз компанияларимиз ва бозорларимизни ҳимоя қилмаётган ягона томонга айланиб қолганмиз”, дейди Эммануэл Макрон.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Гренландия устидан назорат ўрнатиш режасини қўллаб-қувватламаган давлатлардан импорт қилинадиган товарларга нисбатан 10 фоизлик бож солишини эълон қилган эди. Гренландия атрофидаги вазият сабаб жорий йилнинг 22 январь куни Европа Иттифоқининг фавқулодда саммити ўтказилиши режалаштирилган. Унда ЕИ давлатлари ва ҳукумат раҳбарлари Трампнинг Германия ва яна етти Европа давлатига нисбатан 10 фоизлик тарифлар жорий этиш таҳдидига умумий жавоб чораларини муҳокама қилади.

Бунгача АҚШ томонидан билдирилган иқтисодий таҳдидлардан сўнг  Европа Парламенти аъзолари Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги трансатлантик савдо шартномасини ратификация қилиш жараёни тўхтатилиши мумкинлигини билдирган эди. Мазкур келишувга кўра, ЕИ АҚШ экспортига божларни бекор қилиши, эвазига эса АҚШ ЕИ импортига 15 фоизлик тариф жорий этиши кўзда тутилган.

Мазкур можаро Гренландия масаласида АҚШ ва Дания ўртасида юзага келган қарама-қаршиликлар билан боғлиқ. Ҳозирда Гренландия Дания қироллиги таркибидаги автоном ҳудуд ҳисобланади. Дания ва бошқа Европа расмийлари орол, аллақачон НАТОнинг коллектив мудофаа тизими билан ҳимояланганини таъкидламоқда.

Бундан ташқари, Гренландияда АҚШ ҳарбийларининг мавжудлиги 1951 йилда имзоланган келишув билан кафолатланган. Ушбу келишувга кўра, Вашингтон қўшимча қўшин юборишни истаса, Дания ҳукуматини шунчаки хабардор қилиши кифоя.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Европа Эммануэль Макрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг