Зеленский президентлик сайловларига тайёрлигини айтди

Олам

image

Украина президентлик сайловларини 2-3 ой ичида ўтказишга тайёр бўлади. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 9 ноябрь куни журналистлар саволларига жавоб бериш чоғида айтиб ўтди.

“Украинада сайлов масаласи, менимча, аввало халқимизга боғлиқ. Бу бошқа давлатлар халқларининг масаласи эмас – буни ҳамкорларимизни ҳурмат қилган ҳолда айтаман”, деган Украина Президенти. 

У, шунингдек, сайловларга тайёр экани, ҳокимият курсисига ёпишиб олмаганини ҳам қўшимча қилган. 

“Очиқ айтаман: мен сайловларга тайёрман. Агар кимдир бизни ҳокимиятга ёпишиб олган, шу боис уруш тугамаяпти, деган ўйда бўлса, бу мутлақо ноўрин гап”, деган Украина раҳбари. 

Зеленский сайловлар ўтказиш учун иккита асосий масала ҳам борлигини эслатган. 

“Сайлов ўтказиш учун икки масала бор: биринчиси – хавфсизлик. Қандай қилиб ракета зарбалари остида овоз беришни ташкил этамиз, ҳарбийлар қандай овоз беради? Иккинчи масала – бу сайловларни қонуний ўтказиш учун зарур бўлган ҳуқуқий асос.

Бу масалани АҚШ Президенти ва бошқа ҳамкорлар кўтараётгани учун қисқа айтаман: мен тайёрман. Ҳаттоки АҚШдан ва Европа ҳамкорларидан сайлов хавфсизлигини таъминлашда ёрдам сўрайман. Агар буни таъминласак, кейинги 60–90 кун ичида сайловлар ўтказишга тайёрмиз”, деган Украина Президенти. 

Зеленский, шунингдек, Киев АҚШга янгиланган тинчлик режасини топширишини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Украина, АҚШ ва Европа иттифоқидаги ҳамкорлар ўртасида музокаралар жараёнида тинчлик йўлига асос бўладиган учта ҳужжат ишлаб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп тинчлик режасининг сўнгги версияси билан ҳали танишиб чиқмагани учун Украина Президенти Владимир Зеленскийдан “ҳафсаласи пир бўлгани”ни айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

сайлов Владимир Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг