Зеленский Ризo Паҳлавий билан учрашди (видео)
Олам
−
14:24 2501 2 дақиқа
Кеча, 13 февраль куни Украина Президенти Владимир Зеленский Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасида Эроннинг собиқ валиаҳд шаҳзодаси, сургундаги сиёсатчи Ризo Паҳлавий билан учрашди. Бу ҳақда Украина раҳбари ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Учрашув давомида Паҳлавий Зеленскийга Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида эронлик намойишчиларни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган. Украина раҳбари эса муҳим паллада билдирилган ишонч катта аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.
Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг январь ойида Эронда бўлиб ўтган оммавий норозилик намойишлари вақтида хавфсизлик кучлари минглаб одамларни ўлдиргани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бу ҳолат АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан кескин қораланди. Зеленский ҳам Эрон халқини қўллаб-қувватлашини билдирди ва амалдаги режимни танқид қилди. Украина томони Эронни Россияга, хусусан, Украинага қарши урушда қўлланилаётган “Шаҳид” дронларини етказиб беришда айблаб келади.
АҚШ эронлик намойишчилар томонида турган бўлса-да, ҳозирча Паҳлавий ёки бошқа сургундаги мухолифат етакчиларни расман қўллаб-қувватламаган. Шунга қарамай, Паҳлавий сўнгги йилларда бир қатор сиёсатчилар билан учрашувлар ўтказган.
Суҳбат чоғида Паҳлавий Эрондаги вазиятни Украина билан таққослаб, ҳар икки халқ мустақиллик ва суверенитет учун курашаётганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Зеленский Россия билан можарода Украина Қуролли кучлари йўқотишлари 55 минг кишидан ошганини маълум қилганди.
Live
БарчасиҚашқадарё ва Самарқандда дўл ёғди
13 Февраль