Зеленский Россия томонида ўзбекистонликлар ҳам жанг қилаётганини айтди
Олам
−
05 Август 14019 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский Россия жангчилари сафида ўзбекистонлик фуқаролар ҳам борлигини қайд этди. Бу ҳақда у кеча, 4 август куни Харьков вилояти шимолида жойлашган Волчанск шаҳридаги батальонга қилган ташрифидан сўнг, ўз Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
“Бугун мен Волчанск йўналишида мамлакатимизни ҳимоя қилаётганлар – 57-бригаданинг 17-алоҳида мото-ўқчи батальони аскарлари билан бирга эдим”, дея ёзган мамлакат Президенти.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, у батальон командирлари билан олдинги чизиқдаги вазият, Волчанскни мудофаа қилиш, жанговар ҳаракатлар динамикаси ҳақида суҳбатлашган. Дронлар билан таъминлаш ва уларни қўллаш, янги аскарларни жалб қилиш ҳамда бригадаларга тўғридан тўғри молиявий ёрдам кўрсатиш масалаларини алоҳида кўтарилган.
“Бу йўналишда жанговар ҳаракатларда Хитой, Тожикистон, Ўзбекистон, Покистон ва Африка мамлакатларидан келган ёлланма жангчиларнинг иштироки қайд этилмоқда. Биз бу ҳолатларга тегишли тарзда жавоб қайтарамиз”, дея ёзган Украина раҳбари.
У, шунингдек, Украинани ҳимоя қилаётган аскарларга ўз миннатдорлигини билдирган.
“Сизларга ўз давлатимиз, украин халқига хизмат қилаётганингиз, жанг қилаётганингиз ва бир-бирингизни қўллаб-қувватлаётганингиз учун миннатдорлик билдираман”, дейди Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Мудофаа вазирлиги ва Бош разведка бошқармаси кўмагида ташкил этилган “Хочу жить” (“Яшашни хоҳлайман”) лойиҳаси Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган 902 нафар Ўзбекистон фуқаросининг исм-шарифини эълон қилганди.
Live
Барчаси