Жанубий Кореяни кузатаётган дрон уриб туширилди
Спорт
−
10:02 1423 2 дақиқа
Мексика ҳарбийлари Жанубий Корея миллий терма жамоасининг машғулоти ўтказилаётган спорт мажмуаси устида учган дронни уриб туширди. Бу ҳақда “Yonhap” хабар берди.
Маълум қилинишича, Жанубий Корея терма жамоаси Мексикага қарши учрашув олдидан Сапопан шаҳрида ёпиқ машғулот ўтказган. Қизиш машқлари вақтида жамоа хавфсизлик хизмати ходими майдон устида учиб юрган дронни пайқаган ва бу ҳақда Мексика ҳарбийларига хабар берган. Шундан сўнг, ҳарбийлар дронни уриб туширган.
Жанубий Корея футбол ассоциациясининг маълумотига кўра, дронни бошқарган бўлиши мумкин бўлган икки нафар шахс қурилмани олиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар етиб келгунига қадар воқеа жойини тарк этган. Ассоциация маҳаллий полициядан ҳодиса юзасидан текширув ўтказишни сўраган.
“Кеча машғулотларимиз вақтида дрон билан боғлиқ воқеа ҳақида хабар топдим. Яхшиямки, бу тактик машқларни бошлашимиздан олдин содир бўлди ва тайёргарлигимизга жиддий таъсир кўрсатмади”, дейди Жанубий Корея терма жамоаси бош мураббийи Хон Мён Бо.
Шу билан бирга, мутахассис бундай ҳолат муҳим ўйин олдидан тайёргарлик жараёнида юз берганидан афсусда эканини таъкидлади. Мексика расмийларининг хабар беришича, сўнгги кунларда стадионлар ва терма жамоалар жойлашган ҳудудлар яқинидаги тақиқланган ҳудудларга киришга уринган бир нечта дронлар уриб туширилган. Бундай ҳолатлар камида 3 та турли шаҳарларда қайд этилган.
Маълумот учун, Мексика ва Жанубий Корея терма жамоалари ўртасидаги учрашув бугун, 19 июнь куни Сапопан шаҳрида бўлиб ўтди. Унда мезбонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Live
Барчаси