“Жиддий хавф”. Имомали Раҳмон сув тақчиллигидан хавотир билдирди

Олам

image

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Марказий Осиё давлатларини иқлим ва сув бўйича қўшма чоралар кўришга чақирди. Бу ҳақда у бугун, 22 апрель куни Остона шаҳрида ўтказилган Минтақавий экологик саммитда сўз очди.

У нутқи давомида иқлим ўзгариши, экотизимлар деградацияси, сув ресурслари тақчиллиги ва табиий офатлар ҳам минтақа, ҳам бутун дунё учун жиддий хавфга айланаётгани, бу эса биргаликда ҳаракат қилишни талаб этишини қайд этган.

Имомали Раҳмон Тожикистон ҳудудида Марказий Осиё сув ресурсларининг 60 фоизигача қисми шаклланишини қайд этиб, мамлакат тоғ экотизимларининг минтақани сув билан таъминлаш ва барқарор ривожлантиришдаги муҳим ролига тўхталган. Бутун дунёда кучайиб бораётган музликларнинг жадал эриши жараёнига алоҳида эътибор қаратилган. 

Президентнинг сўзларига кўра, бу сув балансининг бузилишига олиб келади, атроф-муҳит учун хавф туғдиради ва сув билан боғлиқ табиий офатлар хавфини оширади.

Шунингдек, минтақа мамлакатларида аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган чанг бўронларининг частотаси ва давомийлиги ортиб бораётган хавотирли тенденция экани қайд этилган. Имомали Раҳмон Тожикистоннинг “Душанбе сув жараёни” доирасида сув ва иқлим соҳасидаги глобал кун тартибини илгари суриш борасидаги доимий саъй-ҳаракатларини эслатиб ўтган. Ҳозирда “Сув барқарор ривожланиш учун” халқаро ҳаракатлар ўн йиллиги тўғрисидаги БМТ резолюцияси фаол амалга оширилаётгани айтилган.

Тожикистон раҳбари 2025 йилда Душанбеда Музликларни асраш халқаро йили доирасида бўлиб ўтган Биринчи халқаро юқори даражадаги конференцияни кучларни бирлаштириш ва кейинги чораларни кўриш учун самарали платформа деб атаган. Бундан ташқари, БМТнинг 2025-2034 йилларни Криосфера фанларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги деб эълон қилиш ҳақидаги резолюцияси қабул қилиниши, шунингдек, Жаҳон метеорология ташкилоти шафелигида Душанбеда Марказий Осиё музликлари ва криосферасини ўрганиш ҳамда мониторинг қилиш минтақавий марказининг ташкил этилиши муҳимлиги таъкидланган.

Имомали Раҳмон саммит иштирокчилари эътиборини иқлим ўтишига кўмаклашишни ривожланишнинг устувор йўналиши сифатида қараш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, энергия самарадорлигини ошириш ва паст углеродли иқтисодиётни шакллантириш зарурлигига қаратган. Унинг сўзларига кўра, гидроэнергетика ва бошқа тоза энергия манбаларини ривожлантириш Тожикистон учун стратегик устувор йўналиш ҳисобланади.

Шунингдек, чиқиндиларни камайтириш ва инвестицияларни жалб қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун минтақавий углерод бозорини босқичма-босқич шакллантириш имкониятларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги билдирилган.

Биологик ресурсларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш экологик муаммоларни ҳал қилишнинг энг муҳим шартлари экани таъкидланган. Шу нуқтаи назардан, Тожикистонда 2040 йилгача мамлакатни кўкаламзорлаштириш дастури қабул қилинган. Бундан ташқари, тоғ фаунасининг ноёб ва камёб турларини сақлаб қолиш бўйича давлат дастурлари ва лойиҳалари амалга оширилмоқда.

“Бизнинг ушбу ва бошқа саъй-ҳаракатларимиз табиий яшаш муҳитини ҳимоя қилиш ва табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишни таъминлашга қаратилган”, дейди Имомали Раҳмон.

Минтақавий экологик ҳамкорлик самарадорлигини ошириш мақсадида унинг таркибий механизмларини ривожлантириш ва халқаро майдонда келишилган позицияларни ишлаб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган. Бу борада Душанбеда ташкил этилган Чиқиндиларни бошқариш бўйича минтақавий марказнинг аҳамияти ҳам қайд этилган.

Имомали Раҳмон Марказий Осиё мамлакатларининг умумий манфаатларини халқаро даражада илгари суришга қаратилган Тожикистоннинг глобал ташаббуслари қўллаб-қувватланаётганини таъкидлаган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Остонада ўтаётган Минтақавий экологик саммитда “Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси” давлатлараро консорциумини таъсис этишни таклиф қилган эди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти яна 7 та аниқ таклифни илгари сурди.

Шунингдек, мазкур саммит доирасида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Каспий денгизида ҳар қандай ҳарбий қурол қўллашни истисно қилиш ва тақиқлашга чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Имомали Раҳмон сув тақчиллиги экологик саммит

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг