Жиноятлар кўпайгани йўқ, аниқлаш механизми кучайди – Зокиржон Алматов

Жамият

image

Бугун, 13 февраль куни Тошкент шаҳар ИИББ Кинология марказида ўтказилган пресс-тур давомида Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Зокир Алматов наркожиноятлар статистикаси ва коррупцияга қарши кураш масалалари юзасидан баёнот берди.

Расмийнинг таъкидлашича, наркотик ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятлар сонининг ошиши жиноятчилик кучайганини англатмайди. Аксинча, бу ҳолат мазкур турдаги қонунбузарликни аниқлаш ва фош этиш механизми самарадорлиги ошганидан далолат беради.



Наркожиноятлар асосан ички ишлар органлари томонидан тезкор-қидирув тадбирлари орқали аниқланади. Бошқа жиноятлар содир этилгандан кейин рўйхатга олинса, мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарликлар кўпинча профилактик ва тезкор чоралар натижасида фош этилади. Бу эса соҳада тизимли иш йўлга қўйилганини кўрсатади.
 

“Агар биз жонимизни жабборга бериб ишламасак, бундай жиноятлар очилмайди, аксинча, кенгайиб кетади. Наркобизнес — бу коррупция ва уюшган жиноятчиликнинг бир кўриниши. Қўшни давлатлардан наркотик моддаларни олиб кириш, уларни яшириш ва махфий сигналлар орқали тарқатиш ортида уюшган гуруҳлар турибди. Шу боис, ҳар бир фош этилган ҳолат орқали биз жиноятчилик илдизига зарба берамиз”, деди маслаҳатчи.
 

Пресс-тур давомида коррупцион ҳолатларни таснифлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Қайд этилишича, келгусида совға ёки ҳадя кўринишидаги пора олиш ҳолатлари билан мансабдор шахс раҳбарлигидаги тизимли порахўрликни алоҳида категорияларга ажратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, давлат идораларининг юқори бўғинида бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари оддий порахўрлик сифатида эмас, балки уюшган жиноятчиликка асосланган коррупцион тизим сифатида баҳоланиши лозимлиги таъкидланди.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИББ Зокир Алматов Наркожиноятлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг