Йигитлар диққатига. Ҳарбий хизматга чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби белгиланди
Жамият
−
07 Июль 42580 2 дақиқа
Ўзбекистонда ҳарбий хизматга чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби белгиланди. Бугун, 7 июль куни ҳукумат қарори билан “Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низом чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидаги муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун танлаб олиш тартибини белгилайди.
Чақирилувчилар танловда 1 йилда фақат 1 марта иштирок этиши мумкин. Танлов чақирув йилидан аввалги йилнинг 10 августидан чақирув йилининг 10 февралига қадар ўтказилади.
Чақирилувчи билан суҳбат ўтказиш орқали унинг қуйидаги маълумотларига аниқлик киритилади:
- ҳарбий хизматга бўлган қизиқиши ва иштиёқи;
- ҳуқуқбузарликлар содир этгани, жавобгарликка тортилгани ва судлангани билан боғлиқ ҳолатлар;
- соғлиғининг ҳолати;
- билим даражаси;
- оилавий шароити ва бошқалар.
Чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражаси қуйидаги умумжисмоний нормативларни қабул қилиш орқали баҳоланади:
- турникда тортилиш;
- 100 метрга югуриш;
- 3000 метрга югуриш.
Танлов якунлари бўйича чақирилувчини тавсия этиш ёки тавсия этмаслик бўйича тегишли хулоса қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 29 январь куни қабул қилинган “Ўзбекистон фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги Президент қарори билан ўзбекистонликларга муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун навбатдаги чақирув эълон қилинганди. Қарорга кўра, чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган Ўзбекистоннинг чақирув ёшидаги фуқаролари 2025 йилнинг март-апрель ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилди.