Ҳайвонларда каннибализм: уларни ўз турдошини ейишга нима мажбур қилади?
Бу қизиқ
−
26 Ноябрь 15376 9 дақиқа
Ҳайвонларнинг ўз турини ейиши ҳақидаги фактлар кўзолдимизда хунук манзара ҳосил қилади. Қанчалик ёқимсиз туюлмасин, ёввойи табиат инсон амал қиладиган қоидалар билан яшамаслигини эсда тутиш лозим. Дунё шафқатсиз ва у кескин чораларни талаб қилади. Инсонлар эса иқлимни зарарлаш ва яшаш жойларини эгаллаш орқали жонзотлар ҳаётида вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Ҳайвонларда каннибализм бу бир ҳайвоннинг ўз турига мансуб бошқа ҳайвон ўлиги ёки ўлдирилган танасини истеъмол қилишидир. Эволюция нуқтаи назаридан қараганда, каннибализм ҳайвоннинг ўз генларини давом эттиришдаги асосий мақсадига тўсқинлик қилади. Унда нега кўплаб ҳайвонлар вақти-вақти билан ёки мунтазам равишда ўз тури ёки ўз болаларини ейди?
“Гарчи каннибализм мантиқан хато бўлса-да, баъзи вазиятлар бу хавфли хатти-ҳаракатни оқлайди. Ҳайвонлар одатда очлик туфайли турдоши ёки боласини ейди, чунки тирик қолиш керак”, дейди америкалик эколог олим Эрика Уайлд “Science Magazine” журналига берган интервьюсида.

Айрим ҳолларда ўз турини ейиш кўпайиш стратегияси сифатида ҳам ишлайди. Баъзан эса бу ресурслар чеклангани ёки экологик инқирозга мослашиш натижасидир.
Ҳайвонларда каннибализмнинг бир неча турлари мавжуд:
- Автоканнибализм – ўз танаси қисмларини ейиши (кўпинча судралиб юрувчиларда учрайди);
- Филиал каннибализм – ўз авлодини (болаларини) ейиши;
- Жинсий каннибализм – жуфтлашиш пайтида ўз жуфтини ейиши;
- Инфантицид – бошқа жамоадошининг болаларини ейиши;
- Биродарлик каннибализми – бир онадан туғилган ҳайвонларнинг бир-бирини ейиши;
- Зўравонлик каннибализми – ўзидан кичик ва заиф турдошларини ейиши.
Табиатдаги каннибализмга оид энг қадимги далиллар бундан 541 миллион йил аввалга бориб тақалади: олимлар қадимий денгиз трилобитлари ўз турларини тишлаганини кўрсатувчи қазилма изларини топган. Каннибализм ҳайвонот дунёсида сиз ва биз ўйлагандан кўра анча кенг тарқалган: сутемизувчилардан тортиб, ҳашарот ва амфибияларгача! Қуйида ўз турини ейдиган 9 та ҳайвон билан танишамиз.
1. Ҳамстерлар

Бир гуруҳ тадқиқотчилар тажриба учун лабораториядаги хамстерларни маккажўхори ва буғдойли рационга ўтказади. Натижада, маккажўхори билан боқилган хамстерларда B3 ёки D3 витамини етишмаслиги туфайли “пеллагра” (витамин етишмовчилиги касаллиги) келиб чиққан ва улар ўз болаларини еб қўйган.
Бу қанчалик даҳшатли бўлмасин, филиал каннибализм ҳамстерларда жуда кенг тарқалган. Улар лабораторияда ҳам, табиатда ҳам янги туғилган болаларини еб қўйиши кузатилган. Хўш, нега ҳайвонлар ўз болаларини ейди? Она ҳамстер бу саволга эҳтимол, қуйидагича жавоб берган бўларди:
- Атроф-муҳитдаги омиллар, масалан, баланд шовқинлардан келадиган стресс;
- болаларга ғамхўрлик қила олмаслиги ёки йиртқич хавфини сезиш;
- болалар сони жуда кўп бўлиб, уни босиб қўйиш;
- бола касал ёки деформациялангани ва у барибир омон қолмаслигини сезиш;
- аллақачон бола ўлган, аммо уяни тозалаш керак;
- витамин ёки минерал етишмовчилиги ҳам филиал каннибализмга ундайди.
2. Оқ айиқлар

Оқ айиқларнинг ўз болалари ёки баъзан урғочиларни овлаши янгилик эмас.
“Оқ айиқлар орасида каннибализм қадимдан маълум, аммо илгари бу ҳолат кам кузатилган, ҳозир эса анча тез-тез қайд этилмоқда”, деб ёзади мутахассис Илья Мордвинцев “The Guardian” газетасидаги мақоласида.
Тадқиқотларда оқ айиқлар орасидаги каннибализм ҳолатлари бир неча марта ҳужжатлаштирилган. Масалан, 2008 йил 24 август куни Шпицберген оролининг шимолий соҳилида йирик эркак оқ айиқ 2-3 яшар ёш айиққа ҳужум қилиб, уни егани кузатилган. Бугунги кунда бу ҳолат оқ айиқларда тасодифий хатти-ҳаракат эмас, балки омон қолиш стратегияси сифатида қаралмоқда. Энди бунга иқлим ўзгариши ва уларнинг яшаш муҳитига инсонлар кириб бориши таъсир қилмоқда.

“The Guardian” газетасининг ёзишича, ўтган ёз охирида Арктика муз қатлами сўнгги 25 йилда 40 фоизга камайган. Ов манзилларининг йўқолиши оқ айиқларни қирғоқлар ва юқорироқ оролларга сиқиб чиқармоқда. Озиқ-овқат танқислиги эса уларни каннибализмга мажбур қилмоқда. Бунинг сабабларидан яна бири экологик шароитнинг ёмонлашуви ҳамдир.
3. Шер

Ўз боласини ейдиган сутемизувчилар ҳақида гап кетганда албатта, шерлар тилга олинади. Аммо аслида, улар ўз боласини ейдиган ҳайвонлар тоифасига тўғридан-тўғри кирмайди. Бу ҳолат кўпроқ инфантицид, яъни бегона эркак болаларини ўлдириш ҳодисаси сифатида таснифланади. Тўдани янги бошлиқ эгаллаганида у аввалги эркакдан қолган болаларга бағрикенглик билан қарай олмайди.
Биринчидан, она шер болаларини тахминан 2 йил эмизади, бу эса янги эркакнинг жуфтлашиш имкониятини чеклайди. Иккинчидан, у нега собиқ етакчининг генларини давом эттириши керак?

Қисқаси, “ўгай ота” меҳрибон ролини ўйнашни рад этади. У болаларни йўқ қилса, бир ўқ билан икки нишонга уради: она шер яна жуфтлашади ва унинг наслини давом эттиради. Бироқ шерлар ўлдирилган болаларни ейиш, яъни каннибализмнинг ўзи билан камдан-кам шуғулланади. “Africa Geographic” маълумотларига кўра, 1 ёшга етмасдан ўлган шер болаларининг тахминан 25 фоизи инфантицид қурбони ҳисобланади.
4. Итлар

Итларда филиал каннибализм, яъни ўз болаларини ейиш одатий ҳолат эмас. Фақат айрим ноқулай шароитларда улардаги оналик инстинкти бузилиши мумкин. Масалан:
- Туғруқдан кейинги гормонал ўзгаришлар парвариш туйғусини ўзгартиради;
- тажрибасизлик – янги оналардаги асосий сабаб;
- улар болани танимай қолиши ёки эҳтиётсизлик билан босиб қўйиши мумкин;
- агар кучукча жуда нимжон ёки касал туғилса, бу онага огоҳлантирувчи сигнал бўлади: у соғлом болаларининг ҳаёти ва ресурсларини хавф остига қўймаслик учун касалларини еб қўйиши мумкин.
“Dogs Academy” маълумотига кўра, она ит организми ҳар бир туғилган кучукча учун 25% кўпроқ овқат талаб қилади. Етарлича оқсил ва озуқа бўлмаса, у сут ишлаб чиқара олмайди. Бундай ҳолатда эса она ит болаларни ташлаб кетиши ёки каннибализм йўлига ўтиши мумкин.
5. Бегемот

Улкан тиш ва жағлари билан бегемот бир бутун қўйни ютиб юборишга қодирдек кўринади. Аммо аслида, бу тур вакиллари экологик мувозанат сақланган ва тана соғлом бўлган пайтда мутлақо ўтхўр ҳисобланади. Бегемотларда каннибализм – ғайритабиий ҳолат.
— Улар тажовузкорми?
— Албатта!
— Ҳудудпарастми?
— Ҳа ва яна ҳа!

Аммо табиатан улар ўз турдошини ўлдириб, гўштини ейишга мойил эмас: бегемотларда ҳазм тизими гўштли озуқага мослашмаган. Шунга қарамай, ҳайратланарли воқеалар содир бўлган: бегемотлар баъзан бошқа ҳайвонлар, жумладан, ўз турдошларига ҳам ҳужум қилиб, уларни еб қўйган. Бу хатти-ҳаракат одатда касаллик, озиқ-овқат танқислиги ёки экологик стресс ҳолатларида юз беради.
Шунингдек, бу улкан ҳайвонлар жасадни ўзлари ёриб ейишга қодир эмас. Олимлар тахминича, бегемотлар ўлик ҳайвоннинг табиий чириши ёки йиртқич ҳайвонлар танани очиб беришини кутади. Зимбабведаги “Хванге” миллий боғида шунга ўхшаш ҳодиса қайд этилган: бир нечта бегемотлар ўлик турдошларининг жасадини тимсоҳлар билан бирга “бўлишиб” еган.
6. Бешиктебратар

Жуфтлашиш жараёнида шеригини чин маънода еб қўйиш ростдан ҳам ғалати эшитилиши мумкин, аммо жонзотлар оламида шундай ҳодисалар ҳам кузатилади. Масалан, урғочи бешиктебратар жуфтлашиш жараёнида ёки ундан кейин эркакларини ейди. Ҳа, бу романтикадан ташқари албатта...

Қайд этиш лозимки, жинсий каннибализм табиатдаги энг ҳайратланарли ҳодисалардан биридир. Урғочи бешиктебратар одатда шеригининг аввало бошини тишлаб узади. Қизиғи шундаки, “BBC Earth” тайёрлаган видеода келтирилишича, эркак бошидан жудо бўлгач ҳам ҳаракатда давом этади. Баъзи тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, ўз жуфтини еб қўйган урғочи бешиктебратарлар бошқаларига қараганда кўпроқ тухум қўяди. Қанчалик шафқатсиз, лекин нақадар “самарали”, тўғрими?
7. Шимпанзелар

Меҳрибон она шимпанзе ва унинг ёқимтой боласи акс этган видеоларни кўрганингиздан сўнг, бу ҳайвонлар ўз боласини ейишига ишонмайсиз, тўғрими? Аммо афсуски, шимпанзелар ўз авлодини ейдиган ҳайвонлар сирасига киради. Шу ўринда нега ҳайвонлар ўз болаларини ейди, деган савол қийнайди. Ёввойи сутемизувчиларда ота ёки оналик инстинкти қанчалик кучли бўлмасин, бу уларни болани ўлдириш хатти-ҳаракатидан тўхтата олмайди. Масалан, шимпанзелар тўдасида альфа (энг кучли, ҳукмрон) эркак маймун бу борада энг кўп айбланади. Бунинг сабаблари қуйидагича бўлиши мумкин:
- Шафқатсиз кўпайиш стратегияси: урғочини оналик мажбуриятидан бўшатиб, уни тезроқ жуфтлашишга тайёрлаш (худди шерлар каби);
- Ижтимоий ёки ҳудудий агрессия оқибати: ҳукмрон эркак шимпанзенинг бошқа болаларга нисбатан тажовузи.
Масалан, Танзаниядаги “Гомбе” миллий боғи тез-тез шундай хабарлар билан тилга олинади: эркак шимпанзелар бегона урғочиларнинг болаларига ҳужум қилиб, уларни тортиб олиб кетади. Ҳатто бир урғочи ва унинг боласи ўз гуруҳидаги учта ёш шимпанзеларни егани ҳам қайд этилган.
“Springer” журналида эса янада даҳшатли, аммо жуда ноёб ҳолат тасвирланган: Уганда ва Фил суяги қирғоғида олимлар икки она шимпанзенинг ўз ўлик болаларини еганини кузатган. Улар ҳатто гўштни тўдадаги бошқалар билан ҳам бўлишган. “Оналик муҳаббати”нинг шундай якун топишига ишониш қийин, тўғрими?
8. Қисқичбақасимон ўргимчаклар

Умуман олганда, ўргимчаклар ҳам каннибализмдан йироқ эмас. Масалан, қора бева деб номланувчи ўргимчак тури ҳам бешиктебратарлар каби жуфтлашишдан сўнг эркакларини ейди. Лабиринт ўргимчаклар эса ўз яқинларини ўлдирмайди, аммо ўлиб қолганини истеъмол қилишга ҳам йўқ демайди. Бу биродарлик каннибализмига оид ҳаракатдир.
Аммо “Pursuit” нашри она қисқичбақасимон ўргимчакларни “ҳайвонот оламининг супер оналари” деб атайди. Чунки, бошқа ҳайвонлар турли сабабларга кўра ўз болаларини ейиши мумкин, аммо бу ўргимчаклар ўзларини болаларига қурбон қилади. Бу ҳодиса “матрифагия” деб аталади. Биринчи босқичда болалар онасининг оёқ бўғимларидаги суюқликни сўра бошлайди. Бир неча ҳафта ўтгач, онанинг танаси бўшаб, ҳаракатлана олмай қолади. Ана шунда болалар уни бутунлай еб қўяди.
Кўринишидан жуда қўрқинчли ва ёвуз туюладиган бу жонзотларнинг урғочилари аслида жуда меҳрибон бўлади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, она қисқичбақасимонлар ҳатто бегона ўргимчак болаларини ҳам уя ичига қабул қилиб, ғамхўрлик билан озуқа беради. Улар буни янглиш амалга оширмайди: қисқичбақасимон ўргимчаклар ўз фарзандларини бошқалардан яхши ажрата олади. Бунга далил – улар фақат ўз болалари учун каттароқ ўлжа келтиради. Бу эса инсонлардаги каби ўз боласига кўпроғини раво кўриш истагига ўхшайди.
9. Қум йўлбарс акулалари

Қум йўлбарс акулалари “кучлиларгина омон қолади” қоидасига бошқалардан кўра анча жиддийроқ ёндашади. Масалан, энг йирик эмбрион ўзидан кичик ва заиф бўлган “укаларини” она қорнидаёқ еб юборади. Биологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, урғочи қум йўлбарс акулалари бир неча эркак билан жуфтлашади. Демакки, дастлаб бачадонда турли оталардан бўлган аралаш эмбрионлар ҳосил бўлади. Аммо биродарлик каннибализми туфайли фақат энг кучли ва мослашувчан эмбрионлар барча озиқ моддаларни ўзлаштириб, яшаб қолади. Натижада улар денгиздаги йиртқичлар орасида омон қолиш эҳтимоли юқори бўлган, соғлом ва йирик акулаларга айланади.

Денгиз биологи Дэмиан Чепмен Жанубий Африка қирғоқларидаги ҳимоя тўрларидан олинган 15 та ўлик урғочи акулани ўрганган. Уларнинг 10 тасида атиги 2 та; яна 5 тасида эса 5-7 та эмбрион бўлган. ДНК таҳлилларига кўра, кўп сонли эмбрионлар икки хил отадан, кам сонли эмбрионлар эса бир хил отадан бўлган.
Хулоса қилиб айтганда, қанчалик афсусланарли бўлмасин, ҳайвонлар орасида каннибализм жуда кенг тарқалган. Баъзи турларда бу табиий инстинкт ва ҳаёт занжирининг ажралмас қисми ҳисобланади. Бошқалар эса бу хатти-ҳаракатни фақат баъзан масалан, ҳудудини ҳимоя қилиш ёки омон қолиш учун қилади. Асосий сабаб – яшаш учун кураш! Озиқ-овқат танқислиги, экологик стресс ёки хавфли шароитларда ҳайвонлар турдошлари ҳисобига ўз ҳаётини сақлаб қолишга уринади. Масалан, қум йўлбарс акулалари кабиларда яшаш учун кураш она қорнидаёқ бошланади.
Аммо онгли мавжудот бўлса-да, инсонлар орасида ҳам каннибализм ҳолатлари учраганини инкор этиб бўлмайди.
Live
Барчаси