Ҳиндистон Россиядан атом сувости кемасини ижарага олади

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путиннинг Ҳиндистонга ташрифи арафасида ҳиндистонлик расмийлар Россиядан атом сувости кемасини ижарага олиш бўйича бир неча йиллардан бери давом этаётган музокараларни ниҳоясига етказди. Бу ҳақда вазиятга яқин манбаларга таяниб, “Bloomberg” хабар берди.  

Нашрнинг ёзишича, музокаралар қарийб ўн йил давом этган, чунки томонлар шу пайтгача нарх борасида келишолмаган. Энди эса Ҳиндистон кемани 10 йилга 2 миллиард доллар эвазига ижарага олиш бўйича келишувга эришган. Нарх шартнома амал қиладиган муддат давомида техник хизмат кўрсатишни ҳам ўз ичига олади. Кема ядро ракеталарини ташишга қодир, бироқ шартномага кўра, ундан урушда фойдаланиш мумкин эмас.

Ҳиндистонга атом сувости кемаси ўз денгизчилари учун тайёргарлик кўриш ва ўз флотининг атом кемалари билан операциялар ташкил қилишни ўрганиш учун зарур. Мамлакатда ҳозирда иккита атом сувости кемаси бор, бироқ Россиядан олинадиган кема улардан каттароқ бўлади. Бундай флотни ривожлантириш Ҳиндистонга ядро триадасини – қуруқлик, сув ва ҳаво орқали ядро зарбаси бера олиш қобилиятини шакллантириш имконини беради.

Кема икки йил ичида етказиб берилиши кутилмоқда, бироқ лойиҳа мураккаблиги сабабли муддат кечикиши мумкин. Бунгача ҳам Ҳиндистон Россиядан сувости кемасини ижарага олган ва у 2021 йилда қайтариб берилган.

Маълумот учун, Россия Президенти бугун, 4 декабрь куни икки кунлик давлат ташрифи билан Ҳиндистонга боради. Сафар доирасида у мамлакат Бош вазири Нарендра Моди билан музокаралар ўтказади ва Россия-Ҳиндистон бизнес-форумида иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрь ойида Владимир Путин “Посейдон” номли экипажсиз сувости аппаратини синовдан ўтказган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ҳиндистон атом сувости кемаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг