1 кг гўшт ярим миллион сўм: дунёдаги энг қиммат бешта шаҳар
Бу қизиқ
−
12 Июнь 15610 6 дақиқа
Глобализация ва урбанизациянинг жадаллашуви натижасида дунё шаҳарларининг иқтисодий ҳолати тобора фарқланиб бормоқда. Айниқса, йирик молиявий ва дипломатик марказлар ҳисобланувчи шаҳарларда яшаш харажатлари кескин юқори бўлиб, у ерда овқатланиш, транспорт, ижара ва соғлиқни сақлаш каби кундалик эҳтиёжлар учун сарфланадиган маблағ бошқа ҳудудларга нисбатан бир неча баравар ортиқ бўлиши мумкин.
Бу шаҳарлар одатда кучли инфратузилма, барқарор иқтисодиёт, хавфсизлик ва юқори ҳаёт сифати билан ажралиб туради. Шу билан бирга, улар чет эллик ишчилар, дипломатлар, инвесторлар ва сайёҳлар учун ҳам қизиқарли манзил бўлиб хизмат қилади.
Мазкур мақолада дунё миқёсида яшаш учун энг қиммат ҳисобланган шаҳарлар, уларнинг асосий харажат омиллари ҳамда нима учун улар қимматга тушиши ҳақида таҳлил қилинади.
Дунёдаги энг қиммат бешинчи шаҳар – Берн

1848 йилдан буён Швейцарияга пойтахтлик қилаётган Бернда ҳукуматнинг муҳим маъмурий бинолари жойлашган. Ааре дарёси билан ўралган ушбу гўзал шаҳар нафақат табиати билан, балки нархлари билан ҳам кўпчилик пойтахтлардан ажралиб туради.

Шаҳарда бир килограмм мол лаҳм гўшти ўртача 500 минг сўмдан ошади. Берн марказидаги битта ётоқхонага эга ижара уйнинг ойлик тўлови 1,5 минг франк, яъни 24 миллион сўмга яқин суммани ташкил этади. 85 метр квадрат майдонли хонадоннинг коммунал харажатлари 300 франк, яъни 4,5 миллион сўмдан юқори. Агар шахсий хонадон сотиб олмоқчи бўлсангиз, бир метр квадрат учун 12 минг франкка яқин, яъни 183 миллион сўмдан қимматроқ пул тўлашингизга тўғри келади.

Аммо норозилик билдиришга шошилманг, аҳоли даромади ҳам шунга яраша – ўртача иш ҳақи 5,9 минг франк, яъни 88 миллион сўмга яқин.
Дунёдаги энг қиммат тўртинчи шаҳар – Лозанна

Швейцариянинг француз тилида сўзлашувчи қисмида жойлашган Лозанна нафақат сиёсий ва иқтисодий марказ, балки маданий, илмий ва спорт жиҳатдан ҳам жуда бой шаҳардир. У Женева кўли бўйида, Алп тоғларига яқин жойда жойлашган. Шаҳар тоғлик бўлиб, гўзал манзаралари билан машҳур. Лозанна саёҳатчилар учун фақатгина гўзал табиати, тозалиги ва сифатли хизматлари билан эмас, балки қиммат нархлари билан ҳам эсда қоларлари бўлишига шубҳа йўқ.

Масалан, бу шаҳарда бир килограмм мол гўшти нархи 43 франкка яқин, яъни 657 минг сўм. Шаҳар марказидаги битта ётоқхонага эга ижара уйнинг ойлик тўлови 1,5 минг франк, яъни 23 миллион сўмдан ортиқ суммани ташкил этади.
85 метр квадрат майдонли хонадоннинг коммунал харажатлари 263 франк, яъни 4 миллион сўмдан юқори. Агар шахсий хонадон сотиб олмоқчи бўлсангиз, бир метр квадрат учун 17 минг франкдан ортиқ, яъни 266 миллион сўмдан кўпроқ пул тўлашингизга тўғри келади.

Ўртача даромад топувчи Лозанна фуқароси ойига 6 минг франкдан кўпроқ, яъни 93 миллион сўмдан юқори маош олади.
Дунёдаги энг қиммат учинчи шаҳар – Женева

Швейцариянинг ғарбий қисмида, Франция чегарасига яқин жойлашган Женева дунёдаги энг муҳим халқаро дипломатия марказларидан бири ҳисобланади. Масалан, БМТнинг Европа штаб-квартираси шу ерда. Бундан ташқари, Қизил хоч жамияти бош қароргоҳи ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маъмурияти шулар жумласидан. Айнан шунинг учун ҳам Женева кўпинча “Тинчлик пойтахти” деб аталади. Алп тоғлари бағридаги мазкур шаҳар аҳолисининг тенг ярми хорижликлардир.

У ерда бир килограмм мол гўшти нархи 42 франк, яъни 657 минг сўм. Шаҳар марказидаги битта ётоқхонага эга ижара уй учун одатда бошқа қиммат шаҳарлар каби 1,5 минг франк атрофида ойлик тўлов амалга оширилади.

85 метр квадрат майдонли хонадоннинг коммунал харажатлари 211 франк, яъни 3 миллион 200 минг сўмни ташкил этади. Агар шахсий хонадон сотиб олмоқчи бўлсангиз, бир метр квадрат учун 17 минг франкдан ортиқ пул тўлашингизга тўғри келади.
Женеваликларнинг ўртача ойлик маоши 6,5 минг франкдан кўпроқ, яъни 100 миллион сўмга яқин бўлиб, қулай ҳаёт кечириш учун етарли даражада.
Дунёдаги энг қиммат иккинчи шаҳар – Базель

Швейцариянинг иккинчи ўриндаги энг қиммат шаҳри Базель мамлакатнинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, аҳоли сони бўйича мамлакатда учинчи йирик шаҳардир. Базель Франция ва Германия билан чегарадош бўлиб, уч давлат чорраҳасида жойлашгани сабабли муҳим транспорт ва маданий марказ ҳисобланади. Ушбу шаҳар Европанинг фармацевтика ва биотехнология маркази бўлиб, унда кўпгина машҳур халқаро компанияларнинг бош офислари жойлашган. Базель илм-фан ва тадқиқотлар соҳасида ҳам етакчи ва у ерда бир нечта йирик университетлар мавжуд.

Шаҳарда бир килограмм мол гўшти ўртача 548 минг сўмдан ошади. Базель марказидаги битта ётоқхонага эга ижара уйнинг ойлик тўлови 1,6 франк, яъни 25 миллион сўмни ташкил этади. 85 метр квадрат майдонли хонадоннинг коммунал харажатлари 246 франк, яъни 3,7 миллион сўмдан юқори. Агар шахсий хонадон сотиб олмоқчи бўлсангиз, бир метр квадрат учун 12,6 минг франкка яқин, яъни 193 миллион сўмга яқин пул тўлашингизга тўғри келади. Аммо норозилик билдиришга шошилманг, аҳоли даромади ҳам шунга яраша – ўртача иш ҳақи 6,4 минг франк, яъни 99 миллион сўмга яқин.
Дунёдаги энг қиммат шаҳар – Цюрих

2025 йилнинг июнь ҳолатига кўра, дунёдаги энг қиммат шаҳар бўлиб турган Цюрих Швейцариянинг энг йирик молиявий ва иқтисодий маркази бўлиб, ўзининг юқори ҳаёт сифати билан танилган, аммо нархлар ҳам шунга яраша. Даромади ҳам харажати ҳам юқори Цюрихда яшаш қимматлигининг бир қанча сабаблари мавжуд.

Шаҳарда бир килограмм мол гўшти ўзбек сўмида ўртача 620 мингдан ошади. Цюрих марказидаги битта ётоқхонага эга ижара уйнинг ойлик тўлови 2,2 минг франк, яъни 34 миллион сўмни ташкил этади. 85 метр квадрат майдонли хонадоннинг коммунал харажатлари 207 франк, яъни 3,1 миллион сўмдан юқори. Агар шахсий хонадон сотиб олмоқчи бўлсангиз, бир метр квадрат учун 19,5 минг франк, яъни 300 миллион сўмга яқин пул тўлашингизга тўғри келади.
Цюрих шаҳрида нафақат нархлар, балки даромад ҳам юқори – ўртача иш ҳақи 6,3 минг франк, яъни 97 миллион сўмга яқин бўлиб, баланд нархларга қарамай, юқори қулайликдаги ҳаёт кечиришдан ташқари шахсий жамғарма учун ҳам етарли.

Таъкидлаш керакки, Цюрих янги бошловчилар учун эмас. Иш топиб, тажриба орттириб ҳаётни бир маромига келтирмасдан оилавий кўчиб ўтиш ярамайди.
Дунёнинг энг қиммат шаҳарлари рўйхатини таҳлил қилар эканмиз, яшаш харажатларининг ортиши турли омиллар билан боғлиқ экани аён бўлади. Булар орасида маҳаллий валютанинг барқарорлиги, юқори даромад даражаси, солиқлар, кучли инфратузилма, хавфсизлик, соғлиқни сақлаш тизими ва экологик тозаликка қаратилган талаблар муҳим роль ўйнайди.
Айниқса, Швейцария бу борада ажралиб туради. Сўнгги йилларда эълон қилинган кўплаб халқаро рейтинглар бўйича дунёдаги энг қиммат 5 та шаҳарнинг барчаси айнан ушбу давлатда жойлашган. Биз юқорида танишган Цюрих, Женева, Базель, Берн ва Лозанна шаҳарлари шулар жумласидан. Яшаш харажатларининг юқорилиги, бир томондан, бу шаҳарлар тақдим этаётган имкониятлар ва хизматлар даражаси билан ўзини оқлайди. Аммо, айни вақтда, бу жойларда яшаш истаганлар учун молиявий тайёргарлик ва аниқ режа муҳим аҳамият касб этади. Шундай қилиб, энг қиммат шаҳарлар нафақат ҳаёт даражасининг юқорилигини, балки юқори масъулият ва харажат талаб қиладиган муҳитни ҳам акс эттиради.
Live
Барчаси