2025 йилда қанча йўловчи авиақатновлардан фойдаланди?

Бу қизиқ

image

2025 йилда дунё бўйлаб деярли 5 миллиард нафар йўловчи авиақатновлардан фойдаланган. 2026 йилда эса авиайўловчилар сони янги рекорд ўрнатиб, 5,2 миллиарддан ошиши кутилмоқда. Бу ҳақда Халқаро ҳаво транспорти ассоциациясининг (IATA) янги ҳисоботида келтирилган.

Прогнозларга кўра, келгуси йилда ҳам соҳа ўсишда давом этади: глобал йўловчи оқими 4,4 фоизга ошиб, жами йўловчилар сони 5,2 миллиарддан юқори бўлади. Шунингдек, 2026 йилда авиақатновлар сони 3,6 фоизга кўпайиши, йўловчи айланмаси эса 4,9 фоизга ошиши кутилмоқда.

Мутахассисларнинг билдиришича, бу кўрсаткичлар авиация соҳаси нафақат пандемиядан кейин тикланганини, балки 2019 йилги инқирозгача бўлган энг юқори даражани ҳам ортда қолдириб, янги марраларга чиққанини яққол кўрсатади.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2024-2026 йиллар оралиғида йўловчи айланмасининг ўсиш суръати глобал ЯИМ ўсишидан атиги 1,5 баравар юқори бўлади. Бу эса сўнгги 30 йил давомида кузатилган 2,3 бараварлик тарихий кўрсаткичдан анча паст.

Бунинг асосий сабаби сифатида соҳадаги таркибий чекловлар кўрсатилмоқда: янги самолётлар етказиб берилишидаги кечикишлар, техник хизмат кўрсатишдаги навбатлар, шунингдек, кадрлар танқислиги. Ушбу омиллар авиакомпанияларга ортиб бораётган талабни тўлиқ қондириш учун ташиш қувватларини етарли даражада оширишга имкон бермаяпти.


Мақола муаллифи

Теглар

авиақатнов йўловчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг