783 та давлат хизматига “ноль бюрократия” тамойили жорий этилади
Жамият
−
12 Май 3614 2 дақиқа
Ўзбекистонда 783 та давлат хизматига “ноль бюрократия” тамойили жорий этилади. Бу ҳақда бугун, 12 май куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида бюрократияни қисқартириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатда давлат хизматларини аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай, тезкор ва шаффоф қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилган. Давлат хизматлари кўлами 10 баробар кўпайиб, 61 миллиондан ошган. Уларнинг 80 фоизи онлайн шаклда кўрсатилмоқда. Биргина 2025 йилнинг ўзида тадбиркорликка оид 2 мингдан ортиқ мажбурий талаб бекор қилинган.
Шу билан бирга, соҳада ортиқча тартиб-таомиллар, қоғозбозлик ва такрорланувчи талаблар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Бугунги кунда давлат органларида 5 минг 650 та функция, бизнесни тартибга солувчи 42 мингдан зиёд мажбурий талаб ва 1 минг 41 та давлат хизмати мавжуд.
“Бундай кўп функция ва талаблар тизимни самарасиз, қиммат ва баъзан адолатсиз қилиб қўйиши мумкин. Шу боис, фақат дерегуляция, рақамлаштириш ва соддалаштириш – энг тўғри йўл”, дейди давлат раҳбари.
Ўзбекистонни 2030 йилга қадар “ортиқча бюрократиядан холи ҳудуд”га айлантириш мақсадида Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бюрократияни бартараф этиш – 2030” дастури бошланган. Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳузурида алоҳида лойиҳа офиси ташкил этилган.
Дастур доирасида давлат органлари функцияларини 30 фоизга қисқартириш, бизнесга қўйиладиган талабларни 20 фоизгача мақбуллаштириш, электрон давлат хизматлари улушини 90 фоиздан ошириш кўзда тутилган.
Тақдимотда давлат хизматларини “сервис давлат” модели асосида тубдан такомиллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилган. Бунда асосий эътибор давлат хизматини бирорта ортиқча ҳужжат талаб қилмасдан, тез, шаффоф ва қулай кўрсатишга қаратилади.
Хусусан, 783 та давлат хизматига “ноль бюрократия” тамойилини жорий этиш таклиф қилинди. Бу орқали 550 турдаги давлат хизмати электрон шаклга ўтказилиб, хизмат кўрсатиш босқичлари 2 карра қисқаради. 80 турдаги хизмат проактив ва композит шаклга ўтказилади. Натижада аҳолининг турли идораларга келиш учун сарфланадиган йилига 35 миллиард сўмгача транспорт харажати тежалади.
Яна 80 турдаги хизматни кўрсатиш муддати 2-3 карра қисқартирилиб, ўртача муддат 13 кундан 6 кунга туширилади. 10 та хизмат тўлиқ автоматлаштирилади. 25 та хизмат бўйича тўловларнинг камайтирилиши натижасида аҳоли ихтиёрида йилига 851 миллиард сўмгача маблағ қолади.
Шунингдек, 10 та хизматни хусусий секторга ўтказиш, 15 та маълумот ва ҳужжатни рақамлаштириш белгиланмоқда. Бу орқали 270 дан ортиқ хизматда ушбу маълумот ва ҳужжатларни қайта сўраш амалиёти бекор қилинади.
Live
Барчаси