9/11: АҚШдаги қонли теракт қандай содир бўлганди?
Олам
−
11 Сентябрь 8867 4 дақиқа
Бугун, 11 сентябрь куни АҚШда 11 сентябрь терактларининг 24 йиллиги хотирланади.
2001 йил 11 сентябрь, сешанба куни, жангарилар АҚШ йўловчи самолётларини эгаллаб, уларни Нью-Йоркдаги икки осмонўпар бинога йўналтирган ва минглаб одамларни ўлдирган. Бу воқеа бутун дунё бўйлаб улкан оқибатларга олиб келганди.
Қайси бинолар ҳужумга учради?
АҚШнинг шарқий ҳудудида парвоз қилаётган тўртта самолёт бир вақтнинг ўзида жангарилар томонидан эгалланди. Кейин улар Нью-Йорк ва Вашингтондаги муҳим биноларга йўналтирилган улкан “қўлбола ракета” сифатида ишлатилди.
Иккита самолёт Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази минораларига урилди. Биринчи ҳужумдан 17 дақиқа ўтиб иккинчиси амалга оширилди. Бинолар ёниб, юқори қаватлардаги одамлар тузоққа тушиб қолди. Шаҳар қоронғу тутунга бурканди. Икки соатдан кам вақт ичида ҳар иккала 110 қаватли бино ҳам ғуборли булут остида вайрон бўлди.

Учинчи самолёт АҚШ ҳарбий қўмондонлиги қароргоҳи – Пентагоннинг ғарбий қисмини йўқ қилди.
Тўртинчи самолёт йўловчилар жангариларга қарши чиққани сабабли Пенсильваниядаги далаларга қулади. Тафсилотларга кўра, жангариларнинг мақсади Вашингтондаги Конгресс биноси (Капитолий) бўлган.
9/11 терактларида неча киши ҳалок бўлди?
Терактда жами 2 977 киши (19 жангаридан ташқари) ҳалок бўлди. Уларнинг асосий қисми Нью-Йоркда:
- Ҳар тўртта самолётдаги 246 йўловчи ва экипаж аъзолари.
- Жаҳон савдо марказида 2 606 киши (ҳужум пайтида ёки олинган жароҳатлардан кейин).
- Пентагонда 125 киши.
Энг ёш қурбон – икки ёшли Кристин Ли Ҳансон, энг кекса қурбон – 82 ёшли Роберт Нортон. Иккаласи ҳам самолёт йўловчилари бўлган.

Биринчи самолёт урилганда, икки минорада тахминан 17 400 киши бор эди. Шимолий минорада таъсир зонасидан юқорида ҳеч ким тирик қолмади. Аммо Жанубий минорада таъсир зонасидан юқоридаги 18 киши қочиб чиқишга муваффақ бўлди.
Қурбонлар орасида 77 давлат фуқаролари бор эди. Нью-Йорк шаҳри 441 нафар қутқарувчи ва полициячисини йўқотди.

Минглаб одамлар жароҳат олди ёки кейинчалик ҳужум пайтидаги заҳарли чиқиндилар сабабли оғир касалликларга чалинди.
Ҳужумчилар кимлар эди?
Бу ҳужумларни Афғонистонда жойлашган экстремистик тармоқ “Ал-Қоида” режалаштирган. Унинг етакчиси Усама бин Ладен АҚШ ва унинг иттифоқчиларини мусулмон дунёсидаги низоларда айбларди.
Гуруҳнинг бош тактикчиси сифатида Холид Шайх Муҳаммад танилган. У режа тузишда ва жангариларни танлаб олишда асосий роль ўйнаган. Жангариларнинг айримлари АҚШда учиш машғулотларини олган.
Ҳужумда 19 киши қатнашган. Улар учта беш кишилик ва битта тўрт кишилик гуруҳга бўлинган (охиргиси Пенсильванияда қулаган самолётда). Жангариларнинг 15 нафари Саудиядан, иккитаси БААдан, бири Мисрдан ва бири Ливандан эди.
АҚШ қандай жавоб қайтарди?
Ҳужумдан бир ой ўтиб, АҚШ президенти Жорж Буш халқаро коалиция билан бирга Афғонистонга босқин уюштирди. Мақсад – “Ал-Қоида”ни йўқотиш ва бин Ладенни қўлга олиш. Бироқ бин Ладен 2011 йилгина, қўшни Покистонда АҚШ қўшинлари томонидан ўлдирилди. Холид Шайх Муҳаммад эса 2003 йилда Покистонда қўлга олинган.

“Ал-Қоида” ҳануз мавжуд. Унинг энг кучли қаноти Суб-Сахара Африкада. Аммо Афғонистон ичида ҳам аъзолари бор.
АҚШ қўшинлари 20 йилдан сўнг, 2021 йилда Афғонистондан чиқиб кетди. Бу эса тармоқ қайта кучайиши мумкинлигидан хавотир уйғотди.
Холид Шайх Муҳаммад ким ва у билан нима бўлди?
У Кувейтда туғилган, АҚШда муҳандисликка ўқиган ва 1980 йилларда Афғонистонда жанг қилган.
9/11дан олдин ҳам у ФБР қидирувида эди, чунки Холид бошқа портлашлар ва ҳужумларда ҳам иштирок этган.

2003 йилда қўлга олингач, у 3 йил давомида махфий МРБ турмаларда қаттиқ сўроқ қилинди. Кейин эса Кубадаги Гуантанамо базасига жўнатилди. У ҳануз шу ерда.
Холид Шайх Муҳаммад 10 йилдан ортиқ вақтдан бери ҳарбий суд ҳукмини кутмоқда. Асосий масала – у АҚШ қўлида қандай азоблардан ўтгани ва бу суд жараёнидаги далилларга таъсир қилиши мумкинлиги.
2025 йил январда у ва яна икки айбланувчи (Валид бин Атташ ва Мустафа ал-Ҳавсавий) айбини тан олиб, ўлим жазосидан қутулиши кутилган эди. Аммо федерал апелляция суди жараёндан бир кун олдин бу келишувни тўхтатди. Июль ойида суд келишувни расман бекор қилди. Кейинги босқич ҳозирча номаълум.
9/11 мероси нима бўлди?
Терактдан сўнг ҳаво парвоз хавфсизлиги бутун дунёда кучайтирилди. АҚШда аэропорт ва самолётларда хавфсизликни ошириш учун TSA (Транспорт хавфсизлиги маъмурияти) ташкил этилди.

“Ground Zero” – қулаган миноралар майдонини тозалаш ишлари 8 ойдан ортиқ давом этди. У ерда ҳозир ёдгорлик ва музей мавжуд. Шунингдек, янгича дизайнда янги бинолар қурилган. Асосий мажмуа олдинги Шимолий миноранинг ўрнида қурилган One World Trade Center ёки “Эркинлик минороси” бўлиб, у 541 метр баландлиги билан аввалгисидан ҳам баланд.

Пентагондаги тиклаш ишлари бир йилга етмаган вақтда тугатилди. 2002 йил август ойига келиб ходимлар қайта ишга киришди.
Live
Барчаси