АҚШ Ғазони курортга айлантириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқди
Олам
−
14:22 5306 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти “Қуёш чиқиши” (Sunrise) номли лойиҳа ишлаб чиқди. Унга кўра, Ғазо сектори юқори технологияли қирғоқбўйи мегаполис ва курортга айлантирилиши режалаштирилган. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
Лойиҳа устида Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф ва Президентнинг куёви Жаред Кушнер бошчилигидаги жамоа ишлаган. Режа 112,1 миллиард долларга баҳоланмоқда ва уй-жойлар, мактаблар, шифохоналар, инфратузилма ҳамда дам олиш зоналари қурилишини назарда тутади. У 20 йиллик “йўл харитаси” сифатида кўрилиб, Ғазони “Яқин Шарқ Ривераси”га айлантириш мақсад қилинган.
Реконструкция тўрт босқичда амалга оширилиши режаланган:
- ҳудудни миналардан тозалаш,
- аҳолини вақтинча жойлаштириш,
- инфратузилмани тиклаш,
- меҳмонхоналар ва транспорт марказларига эга “ақлли шаҳарлар” барпо этиш.
Ишларни Рафаҳ ва Хон-Юнус ҳудудларидан бошлаш таклиф этилмоқда.
Бироқ ҳозирча молиялаштириш манбалари аниқ эмас. Шунингдек, реконструкция вақтида кўчирилган 2 миллион фаластинлик қаерда яшаши масаласи ҳам очиқ қолмоқда. АҚШ мазкур режани Форс кўрфази давлатлари, Туркия ва Миср вакилларига тақдим этган.
АҚШ расмийларининг бир қисми лойиҳага шубҳа билан қарамоқда. Уларнинг фикрича, режа фақат ҲАМАС қуролсизланишга рози бўлса амалга оширилиши мумкин, аммо бу эҳтимол паст баҳоланмоқда. Бундан ташқари, Исроил зарбалари оқибатида Ғазонинг катта қисми вайронага айланган, ҳудуд 68 миллион тонна вайроналар, портламаган бомбалар ва минглаб жасадлар билан тўлиб кетган.
Шунга қарамай, Трамп маъмурияти икки ой ичида вазият кескинлашмаса, лойиҳа ишга туширилишига умид қилмоқда.
“Агар икки-уч йилдан сўнг яна уруш бўлишига ишонч бўлса, ҳеч ким Ғазога сармоя киритмайди”, деган АҚШ Давлат котиби Марко Рубио.
У АҚШ Ғазони тиклаш ва гуманитар ёрдам учун донорлар топилишига ишонишини ҳам билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил аскарлари Ғазо шаҳри шарқидаги Эт-Туффаҳ маҳалласидаги бошпанани тўй пайтида артиллерия ўқлари билан нишонга олди ва олти фаластинликни ўлдирганди.
Live
Барчаси