АҚШ Қозоғистон осмонида номаълум жисм учгани ҳақида маълумотларни эълон қилди
Олам
−
13 Май 8825 1 дақиқа
АҚШ Уруш вазирлиги ўз расмий саҳифасида 1994 йил 27 январь куни Қозоғистон осмонида номаълум учувчи жисм кузатилгани ҳақидаги маълумотни эълон қилди.
Қайд этилишича, вазирлик саҳифасида Тожикистондаги АҚШ элчихонасидан Давлат котибига юборилган дипломатик телеграмма чоп этилган. Унда Boeing 747 самолёти учувчиси ҳамда АҚШнинг 3 нафар фуқароси Қозоғистон устида 41 минг фут баландликда учаётган номаълум жисмни кузатгани ҳақида айтилган.
Ҳодиса пайтида жисм жуда кучли ёруғлик таратган ва шарқ томондан уфққа томон ниҳоятда катта тезликда ҳамда анча баландликда яқинлашган. Олинган суратларда учувчи жисм 90 даражали бурилиш қилгани, айлана бўйлаб юқори тезликда ҳаракатлангани ва кескин манёврлар бажаргани кўринган.
“Жисм парвоз пайтида ўққа ўхшаган. Визуал кузатувга кўра, ундан қолган излар 100 минг фут баландликда бўлган. Бу эса оддий самолётлар из қолдириши мумкин бўлган баландликдан анча юқори”, дейилади ҳужжатда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп ваъда қилган номаълум учар жисмлар ҳақидаги файлларни нашр этиш бошланганди.
Live
Барчаси