АҚШ Мексикага “Эль Менчо”ни йўқ қилишда ёрдам берган
Олам
−
23 Февраль 7080 2 дақиқа
АҚШ ҳарбийлари ва наркокартеллар ҳақида разведка маълумотларини тўплашга ихтисослашган янги гуруҳ “Халиско янги авлод” етакчиси Немесио Осегера Сервантесни йўқ қилиш бўйича операцияни ташкил этишга ҳисса қўшган. Бу ҳақда агентлик АҚШ Мудофаа вазирлигидаги манбага таяниб, “Reuters” хабар берди.
Гап 2026 йил январида тузилган Joint Interagency Task Force-Counter Cartel гуруҳи ҳақида бормоқда. Унинг таркибига АҚШнинг бир нечта ҳукумат идоралари киради. Гуруҳ АҚШ ва Мексика чегарасининг ҳар икки томонида фаолият юритаётган наркокартель тармоқларини аниқлаш мақсадида ташкил этилган.
Нашр манбасининг таъкидлашича, операциянинг ўзи Мексика ҳарбийлари томонидан амалга оширилган. АҚШ эса Сервантес ҳақида батафсил маълумотнома тўплаб, уни Мексика расмийларига тақдим этган. Манбага кўра, Joint Interagency Task Force-Counter Cartel раҳбари АҚШнинг Мексикадаги асосий нишонларидан бири бўлган.
АҚШ Мудофаа вазирлигининг яна бир вакили нашрга янги тезкор гуруҳ Вашингтоннинг наркосавдога қарши стратегиясига мос келишини билдирган. Ушбу стратегия доирасида АҚШ ҳарбийлари Мексика билан чегарадаги вазият устидан назоратни янада кучайтиришга интилмоқда.
Joint Interagency Task Force-Counter Cartel бўйича эксперт Карлос Оливо журналистларга берган изоҳида картель етакчиси ўлдирилганидан сўнг “Халиско янги авлод” ичидаги фракциялар ўртасидаги тўқнашувлар ва зўравонликлар йиллар давом этиши мумкинлигини тахмин қилган.
Эслатиб ўтамиз, Сервантес 22 февраль куни Мексика махсус кучлари операцияси вақтида ўлдирилган. Мамлакат Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, ҳарбийлар ҳужумга учраган, отишмада картелнинг тўрт аъзоси ҳалок бўлган, уч киши оғир яраланган ва йўлда вафот этган. Улар орасида Сервантес ҳам бўлган.
Унинг ўлими ортидан камида тўққиз штатда тартибсизликлар бошланган. Автомобиллар ва дўконларга ўт қўйиш, йўлларни тўсиш ҳолатлари кузатилган.
Live
Барчаси